11:33 / 19.04.2019
5865

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг асосий вазифалари белгиланди

Фото: simurgtravel.com

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;

Давлат театрлари тоифаларини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом;

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг билет нархларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;

Давлат театрларида саҳналаштириладиган саҳна асарларини яратиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қуйидагилар давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

миллий истиқлол ғояларига ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан юксак, халқчил саҳна асарларини саҳналаштириш, томоша ва концерт дастурларини яратиш;

халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб саҳна асарлари, томошалар ва концерт дастурлари билан ҳисса қўшиб бориш;

аҳолининг турмуш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар, миллий байрамларни тиклаш ҳамда давом эттиришда кўмаклашиш;

театр ва томоша санъатини кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиз ва хорижий муассасалар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш;

театр ва томоша санъати олдига қўйилган вазифаларни самарали ташкил этиш учун ходимларнинг малакасини ошириш чораларини кўриш, уларни маънавий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг самарали усулларини жорий этиш;

кўргазмалар, фестиваль, кўрик-танлов, маърузалар, маданият, санъат, илм-фаннинг атоқли арбоблари билан учрашувлар, бенефис, театр спектакллари, махсус тайёрланган дастурлар, дам олиш ва ижодий кечалар, мақсадли театрлаштирилган маросим кечалари ва бошқа томоша тадбирларини ташкил қилиш ва ўтказиш;

мамлакатда ва хорижда театр ва концерт-томоша гастроль фаолиятининг кенг кўламли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Қуйидагилар давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

пулли хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;

мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларига бюджет маблағлари ўз даромадлари билан қопланмаган қисми учун ажратиб берилади.

Top