18:42 / 30.04.2019
5172

Ўзбекистонда инсультда инсон ҳаётини сақлашга ёрдам берувчи инновациялар рўйхатдан ўтказилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда ишемик инсульт профилактикаси учун мўлжалланган инновацион тиббий қурилма рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Kun.uz мухбири Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизматидан олинган маълумотлар асосида шу ҳақида хабар берди.

«Медтехника Москва» компаниялар гуруҳи директори Артур Гортунгнинг Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатасидаги учрашув доирасида айтишича, апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган TIHE 2019 халқаро кўргазмасида икки шундай қурилма тақдим этилган. Кўргазма тугаган бўлса-да, қурилма клиник синовлардан ўтказиш учун Тошкентда қолдирилди. Синовлар муваффақиятли кечган тақдирда, инновацион қурилмалар Ўзбекистон Республикаси Фармокология қўмитасида рўйхатдан ўтказилади.

Гортунг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг мазкур инновацион қурилма билан танишуви март ойида Равшан Изамов бошчилигидаги Миллий палата делегациясининг Москвага сафари доирасида кечганлигини таъкидлади.  

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати

Шунингдек, «Медтехника Москва» компанияси Миллий палата қўллаб-қувватлаши остида илк марта ўз стенди билан Тошкентда иштирок этди.

“Бу бизнинг Ўзбекистон бозори билан биринчи танишувимиз ва мен унинг айнан инновацион тиббий қурилма - ишемик инсультлар профилактикаси учун гипотермик ускунасидан бошлаганидан хурсандман, ушбу қурилма асосида бош мияни маҳаллий музлатиш усули ётади. Мазкур қурилма Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тақдирда, уни мамлакатингизда кенг қўллаш имкони яратилади”, - дейди Артур Гортунг.

Россияда 2017 йилдан шундай қурилма президент клиникаси ҳамда қатор бошқа клиникаларда хизмат кўрсатади. Бундай инновацион усул «Сколково» инновацион маркази базасида ишлаб чиқилган, улар Калашников номидаги Ижевск механика заводида ишлаб чиқарилади. 

Готунгнинг сўзларига кўра, креоногипертоник терапияда қўлланувчи инновацион қурилма механизми мияга қон қуйилиши билан хавф солувчи қон томирлар қизишига қарши курашишга асосланган. Амалиётга кўра, ушбу усул инсультдаги ўлим ҳолатларини 30 фоизга пасайтиради.Шу билан бирга, у жароҳатлардан кейинги гематомани бартараф этишда самара беради.

«Медтехника Москва» Тошкентдаги кўргазмада бу аппаратлардан ташқари инновацион тиббий ускуналарнинг кенг спектрини намойиш қилди. Механик ва электрик тиббий каравотлар, ногиронлар аравачалари, шифохона жиҳозлари, кардиокреслолар, уқалаш столлари, ҳаракатлана олмайдиган беморларни кўчиришга мўлжалланган кўтаргичлар шулар жумласидандир.

Фото: Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати

«Техно-групп Гамма» компанияси ушбу замонавий тиббий қурилмага қизиқиш билдирди, унинг базасида Тошкент вилоятида шундай маҳсулот ишлаб чиқарилишига келишилган. Шу мақсадда «Медтехника Москва» Ўзбекистонда 3 йил давомида 5 миллион долларгача инвестицияли хорижий корхона фаолиятини йўлга қўйиш устида ишламоқда.

Соғлиқни сақлаш тизими кўргазмасида ушбу тиббий қурилмага катта қизиқиш кузатилгани Ўзбекистонда инновацион тиббий каравотларни ишлаб чиқаришнинг долзарблигидан далолат беради. Биринчи кун уларни қўлга киритишга доир 500 га яқин сўров келиб тушди.

Top