21:23 / 01.06.2019
12632

Саудия қироли: ислом давлатлари Шарқий Қуддус мақомининг ҳар қандай тарзда ўзгартирилишига қарши

Ислом давлатлари Шарқий Қуддуснинг тарихий ва ҳуқуқий мақоми ҳар қандай тарзда ўзгартирилишини рад этади. Бу ҳақда Саудия қироли Салмон бин Абдул Азиз Ол Сауд Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитининг очилиш маросимида маълум қилди.

"Фаластин мавзуси ташкилот ва унинг аъзолари учун фаластинликлар ҳуқуқи таъминланмагунига қадар асосий мавзу бўлиб қолади. Биз Шарқий Қуддуснинг тарихий ва ҳуқуқий мақомига дахлдор ҳар қандай чорани рад этамиз", деди у.

57 давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этаётган саммитни очар экан, Саудия қироли барчани терроризм ва уни молиялаштираётганларга қарши курашишга чақирди.

Маккада иш бошлаган мазкур саммит кун тартибидан АҚШ тайёрлаётган "аср келишуви", Сурия, Яман ва Ливиядаги вазият, Судан ва Жазоирдаги ўтиш даври, турли мамлакатлардаги исломофобия ҳамда Мяньмадаги роҳинжалар масалалари ўрин олган. 
Иштирокчилар шунингдек, Эрон масаласини ҳам муҳокама қилишади.

Top