10:00 / 01.07.2019
6629

Испания ёшлар терма жамоаси – 5 карра Европа чемпиони

Италияда ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати (U-21) якунланди.

Испания ва Германия ёшлари ўртасидаги финал учрашувида испанларнинг қўли баланд келди – 2:1.

Бу ғалаба билан Испания ёшлар миқёсида Европа чемпиони бўлиш борасида етакчи Италияга етиб олди. Эндиликда ушбу икки мамлакатда 5тадан Евро-U21 олтин медаллари бор.

Испанлар турнирнинг очилиш ўйинида мезбон Италия ёшларига ютқазишган, шунга қарамай кейинги турларда Бельгия ва Польша термаларини мағлуб этиб, гуруҳ ғолиби бўлганди. Ярим финалда жамоа Франция билан тўқнаш келиб, дастлаб гол ўтказиб юборганига қарамай якунда 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Немислар эса гуруҳ босқичида Дания ва Сербиядан устун келиб, Австрия билан дуранг ўйнади ва гуруҳ ғолиби сифатида ярим финалга чиқиб, Руминия устидан 4:2 ҳисобидаги ғалаба билан финалга чиқан эди.

Ҳал қилувчи баҳснинг 7-дақиқасида ҳисобни очган Испания ёшлар термаси етакчиси Фабиан Руис якунланган турнирнинг энг яхши футболчиси деб топилди. «Наполи»нинг 23 ёшли яримҳимоячиси мусобақада испанларнинг 4та голида (2+2) бевосита қатнашди. Аввалроқ унга «Реал» қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Германия ёшлари сафида 7та гол урган ҳужумчи Лука Вальдшмидт мусобақа тўпурари бўлди. 23 ёшли ҳужумчи «Фрайбург» клуби аъзоси саналади.

Маълумот учун, Италия мезбонлигидаги турнирда 12та жамоа 3та гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб борди. Гуруҳ ғолиблари тўғридан тўғри ярим финалга йўл олгани ҳолда учта иккинчи ўрин эгасидан энг яхши кўрсаткичга эга битта жамоа плей-оффга чиқди.

Чемпионатнинг ҳар бир ўйинини ўртача 10221 нафар мухлис кузатиб борди.

Европа чемпионати U-21
Финал
Испания U-21 – Германия U-21 2:1 (1:0, 1:1)
30 июнь. Фриули. 23,232 томошабин
Голлар: 1:0 – 7 Фабиан Руис, 2:0 – 69 Ольмо, 2:1 – 88 Амири.
Испания U-21 – Сивера, Фирпо, Нуньес, Агиррегабириа, Вальехо, Себальос, Форнальс (Майораль, 72), Марк Рока, Ольмо, Ойарсабаль (Солер, 55), Фабиан Руис (Мерино, 78).
Германия U-21 – Нюбель, Клостерманн, Та, Хенрихс, Баумгартль, Сердар (Нойхаус, 61), Дауд, Амири, Эггештайн (Нмеча, 79), Озтуналы (Рихтер, 73), Вальдшмидт.
Огоҳлантиришлар: Вальехо (33), Нуньес (71), Сивера (83).

Top