Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ташкил этилди.
Қуйидагилар агентликнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:
республика иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишга, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;
хорижий инвесторларни ахборот билан, ҳуқуқий ва боқка томондан қўллаб-қувватлаш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий тадбиркорлар билан инвестиция фаолияти соҳасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишда уларга кўмаклашиш;
хорижий инвестициялар иштирокидаги истиқболли ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари маълумотларининг ахборот базасини шакллантириш ва юритиш, уларнинг амалга оширилиш ҳолати устидан доимий мониторинг олиб бориш;
республиканинг иқтисодий, ресурс ва инвестицион салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва илгари суришни, яратилган қулай шарт-шароитлар, хорижий инвесторларга бериладиган имтиёзлар, афзалликлар ҳақида чет эл ишбилармон доиралари орасида, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишлари олиб боришни ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро ижобий имижини шакллантириш ва юқори даражада ушлаб туришга ҳар томонлама кўмаклашиш.