16:51 / 03.08.2019
38987

Фоторепортаж: Навбатдаги тест куни қандай ўтди?

2019/2020 йилги ўқув йили Ўзбекистон давлат олий таълим муассасалари учун тест имтиҳонларини янги тартибда ўтказиш жорий этилди. Абитуриентлар 29 июль кунидан бошлаб ҳужжат топшириш вақтида ўзлари белгилаган ҳудудда 2 сменага бўлинган ҳолда имтиҳон топширишни бошлашди. 

Тест жавоблари эса, аввал хабар берганимиздек, тест бўлган куннинг эртасига эълон қилиниши ҳам йўлга қўйилди. Бунда ҳар бир абитуриент ўз жавоблар варақасини ҳам, нечта саволга тўғри жавоб бергани ёки бермаганини ҳам кўра оладиган тарзда маълумотлар тақдим қилинди. 

Kun.uz таҳририяти Давлат тест маркази билан ҳамкорликда республика бўйлаб тест жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида имтиҳонлар ўтказилаётган биноларга бориб, тест ўтказилиши, у ерларда абитуриентлар ва ота-оналар учун барпо қилинган шароитлар билан танишиб бормоқда ҳамда жамоатчилик эътиборига ҳавола этиляпти. 

Хусусан, Kun.uz мухбири 2 август куни Тошкентдаги «Ёшлик спорт мажмуаси» ҳамда «Ўзэкспомарказ»даги павильонларда ўтказилган тест жараёни билан яқиндан танишди. 

Таъкидлаш ўринлики, ташкилотчилар томонидан пухта йўлга қўйилган. Абитуриентлар ИИББ ва Миллий Гвардия ходимлари томонидан тест биносига синчковлик билан текширилган ҳолда ўтказилмоқда. Абитуриент қизлар махсус хонада текшириляпти. 

Бевосита бинога кираверишда ўрнатилган камера орқали абитуриент шахси Давлат персоналлаштириш маркази орқали тасдиқлаб олинмоқда. Тасодифан, бирор абитуриент ташқи кўриниши вақт ўтиши билан паспортдаги суратига ўхшамайдиган даражада ўзгарган бўлса, ёки қизлар пардоз-андоз сабабли паспортдаги суратидан фарқ қилса, бармоқ изи орқали уларнинг шахсига ойдинлик киритилмоқда. Таъкидлаш ўринлики, буларнинг барчаси саноқли дақиқаларда амалга ошириляпти. 

Ота-оналар учун махсус ташкил этилган ҳудудга йирик экранлар ўрнатилган ва ҳар бир бинодаги камералар орқали тест имтиҳони жонли намойиш қилинмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, абитуриентлар тест натижаларини ушбу  https://cabinet.dtm.uz/site/login ҳавола орқали текширишлари мумкин. 

Top