20:57 / 08.08.2019
20914

АҚШда яна оммавий қотиллик содир этилди

Жанубий Калифорнияда мачете билан қуролланган 33 ёшли эркак оммавий қотиллик содир этди. Оқибатда 4 киши ҳалок бўлган, 2 киши яраланган. Бу ҳақда ABC News телеканали хабар берди.  

Ҳужумлар Калифорниянинг Гарден-Гров шаҳрида бошланган. Гумонланувчи дастлаб маҳаллий новвойхонани тунаган. Ярим соатдан сўнг полиция яқин орада жойлашган турар-жой мажмуасида 2 нафар эркакнинг беҳуш танасини аниқлаган. Улардан бири воқеа жойида, иккинчиси шифохонада жон берган.

Кейинроқ гумонланувчи чекларни нақдлаштириш билан шуғулланган ташкилотни тунаган. 25 дақиқа ўтгач эса у суғурта компанияси ходимасига ҳужум қилган. Полицияда таъкидланишича, аёл тирик қолган. Босқинчи 4 дақиқа ўтгач АЁҚШ ходими билан низолашиб, унга пичоқ ва мачете билан зарбалар берган. 

Сўнгра босқинчи дўконни тунаб, қуролланган қўриқчини сўйиб ташлаган ва унинг тўппончасини олиб қўйган. Охирги ҳужум тергови вақтида полиция гумонланувчи бунгача яна бир дўконни тунаб, унинг ходимини ўлдириб кетганини аниқлаган. 

Айни вақтда гумонланувчи ушланган. Полицияда таъкидланишича, қотил биринчи қурбонлар аниқланган турар-жой мажмуасида яшаган.

Top