18:19 / 21.08.2019
7495

Киев суди Порошенко ва Климкинга қарши ваколатни суиистеъмол қилиш бўйича иш очиш тўғрисида қарор чиқарди 

Павел Климкин ва Пётр Порошенко/Фото: Александр Щербак/ТАСС

Киевнинг Соломенский туман суди Украина Коррупцияга қарши миллий бюроси (КҚМБ)га мамлакат собиқ президенти Пётр Порошенко ва ташқи ишлар вазири Павел Климкинга хизмат ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси бўйича иш очиш мажбуриятини юклади.

Бу ҳақда чоршанба куни "Украинские новости" агентлиги суд материалларига асосланиб хабар берди.

Шу билан бирга, ОАВнинг кўрсатишича, даъво муаллифининг исми келтирилмаяпти ҳамда у 15 июль куни КҚМБга Порошенко ва Климкин томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ариза берган. 

Иш тафсилотларига аниқлик киритилмаган. 15 августда суд КҚМБга иш очиш мажбуриятини юклади.

Айни пайтда мамлакатни тарк этган ва, Украина ОАВ маълумотларига кўра, Норвегияда бўлиб турган собиқ президент Пётр Порошенкони навбатдаги сўроқ қилиш 3 сентябрь куни Давлат тергов бюросида ўтказилиши керак. Бу ҳақда чоршанба куни Виктор Янукович даврида президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлган адвокат Андрей Портнов маълум қилди.

«2019 йил 3 сентябрь, сешанба куни соат 10:00да Пётр Алексеевич сизни терговчи сўроқ қилади. Келиш мажбурий, акс ҳолда мажбурий келтириласиз», - деб ёзди у ўзининг шахсий Телеграм каналида. 

Top