09:47 / 24.08.2019
9474

Сенат раисининг биринчи ўринбосари: «Инвестициялар бўйича ҳокимларнинг ваколатини кенгайтириш керак»

Фото: ТАСС

Ҳудудларга инвестицияларни жалб қилиш маҳаллий органларнинг бу борадаги ваколатини кенгайтиришни тақозо этади, деб ҳисоблайди Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Сиёсатчи мазкур таклифни Сенатнинг 21-ялпи мажлисидаги маърузасида илгари сурди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ҳудудларга инвестиция оқимини оширишнинг энг самарали усулларидан бири – ҳокимиятларга ижтимоий-иқтисодий аҳамияти юқори бўлган, шу ҳудуд учун керак бўлган инвестициявий лойиҳаларни ҳаммолиялаштириш («софинансирование») ҳуқуқини бериш керак. Бундан қўрқиш керакмас.

Қозоғистонда бор бу. Жанубий Кореяда, Хитойда ҳам бор. Бизда ҳам жорий этиш, менимча, фойдадан холи бўлмайди.

Солиқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда катта миқдордаги маблағлар вилоятларда қолмоқда. Янглишмасам, шу йилнинг ярми бўйича ҳам 1,5 маротаба кўпроқ – 2,5 триллион сўм ҳудудларда қоляпти. Бу – катта маблағ.

Улардан тизимли фойдаланган ҳолда вилоятларимиз инвесторларни жалб қилиш учун ҳудудий ривожланиш фондини таъсис этсак, биргаликда улар молиялаштирса, шунда инвестор келади. Шунда инвестор ишонади.

Бу – халқаро тажриба. Ҳар бир лойиҳанинг учдан бир қисми инвесторнинг ўз маблағлари, учдан бир қисми биргаликда ишлайдиган ҳамкори ва учдан бир қисми банкдан олинадиган кредитлар. Бу амалиётдан бизда ҳам фойдаланиш керак.

Вазирлар Маҳкамаси бу масалани ўрганиб чиқиб, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ҳокимларга – кенгашлар билан биргаликда – шундай ҳуқуқни берса, менимча, ҳаммамиз учун тўғри бўлади. Бу – марказсизлаштиришнинг йўналишларидан бири», – деди Сафоев.

Top