11:40 / 21.09.2019
0
10460

«Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳар бир давлатда бўлиши керак» – Швециялик таниқли сиёсатчи билан суҳбат

Таниқли сиёсатшунос, Швеция Халқ либерал партиясининг собиқ раҳбари, мамлакат Олий таълим ва тадқиқотлар собиқ вазири Ларс Лёнборг 15-20 сентябрь кунлари Ўзбекистонда бўлди. Бухоро ва Тошкентга сафари давомида у Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти қуриш соҳасида амалга ошираётган ислоҳотлари билан танишди.

Тошкентда ҳукумат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари фаоллари билан ташкил этилган учрашувларда Лёнборг мамлакатдаги ижобий ислоҳотлар ҳақида ўз фикрини билдирди ҳамда фуқаролик жамияти қуришда Швеция тажрибаси билан ўртоқлашди.

Ташриф ва семинар-тренинглар давомида унга «Эзгулик» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Aбдураҳмон Ташанов ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлик қилди. Тадбирлар Aдлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ларс Лёнборг ташрифи якунида, Ўзбекистондан жўнаб кетиш асносида Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлиб, бу ердаги таассуротлари, таълим соҳасини ривожлантириш бўйича фикрлари ва фуқаролик жамияти қуришдаги қарашлари билан ўртоқлашди.

– Ассалому алайкум, жаноб Ларс Лёнборг, Ўзбекистонга хуш келибсиз!

– Катта раҳмат!

– Ташрифингиз мобайнида Тошкент ва Бухорода кўплаб тадбирлар, семинар-тренингларда қатнашдингиз. Бу тадбирлардаги иштирокингиз ва умуман мамлакат тўғрисидаги таассуротларингиз билан ўртоқлаша оласизми?

– Aйтишим мумкинки, Ўзбекистон ҳозирга келиб президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан аста-секин дунёга очилиб бормоқда. Бу эса жуда ижобий ҳолат. Чунки эндиликда сиз дунёнинг бошқа давлатлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш имкониятига эга бўлмоқдасиз. Мен Швеция таълим соҳаси вакили сифатида Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларимиз тобора ривожланиб бораётганидан мамнунман.

– Сиз Олий таълим вазири сифатида фаолият юритгансиз, шундайми?

– Ҳа, шундай.

– Бу соҳада юқори малакага эга мутахассис сифатида Ўзбекистондаги олий таълим сифатини қандай баҳолаган бўлардингиз?

– Мен, албатта, таълим тизимингиз тўғрисида батафсил маълумотга эга эмасман, аммо айтишим мумкинки, Ўзбекистон ҳозирда маълум соҳаларда катта ютуқларга эришмоқда. Илм-фан ва тараққиётга бўлган улкан қизиқишимдан келиб чиқиб айта оламанки, таълим ва фан соҳасини ривожлантиришга эътибор қаратган ҳар қандай давлат тараққиётда илгарилаб боради.

– Маълумки, сиз Ўзбекистондаги «Эзгулик» жамияти билан ҳамкорликда ишлайсиз. Келишув асосида Тошкентда ташкил этилган лойиҳалар ҳақида қисқача тўхталиб ўта оласизми?

– Aвваламбор айтишим керакки, ушбу ташкилот фуқаролик жамиятида муҳим ўрин тутади. У ерда ишловчи ҳамкасбларим қийин вазиятда қолган, муаммога йўлиққан фуқароларга ёрдам беради. Бу каби ташкилотлар ҳар бир давлатда бўлиши тарафдориман. Лойиҳалар жуда кўп ва уларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишдан биз ҳам манфаатдормиз.

Ларс Лёнборг

– Фуқаролик жамиятини янада шакллантиришда Ўзбекистон нималарга аҳамият бериши керак? Сизнингча, қандай ўзгаришлар зарур?

– Фикримча, худди бошқа давлатларда бўлгани каби Ўзбекистон ҳам кўпроқ янги иш ўринлари яратишга ҳаракат қилиши керак ва бу борада президентингиз амалга ошираётган ислоҳотлар ўзини оқламоқда, деб айтиш мумкин. Чунки иқтисодиёт жиҳатдан тобора дунё давлатларига очилиб боришингиз, савдо алоқаларини мустаҳкамлаб бораётганингиз ҳамда хусусий бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаётганингиз ўз самарасини кўрсата бошлади.

Ишонаманки, сизлар тўғри йўлдан бормоқдасиз. Бу – Ўзбекистонда ўтказган сўнгги бир ҳафта давомидаги хулосаларим.

– Ўзбекистон билан ҳамкорликда қандай лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқдасиз?

– Бу ердаги ҳамкасбларимни Швецияга таклиф қилдим. Улар билан биргаликда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб, алоқаларни янада мустаҳкам қилиш бўйича бир тўхтамга келамиз, деган умиддаман.

– Қисқа ва мароқли суҳбат учун раҳмат. Сизни яна Тошкентда кўришдан мамнун бўламиз.

– Мен ҳам бунга умид қилиб қоламан. Кўришгунча.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top