10:20 / 03.10.2019
0
12862

Таниқли бобуршунос олим Сайфиддин Жалилов вафот этди 

Ватан тарихини ўрганишга ўзининг улкан ҳиссасини қўшган етук олим, ўз илмий фаолияти мобайнида кўплаб асарлар яратган, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг таваллуд топган юрти Андижон ўтмишини янги маълумотлар билан бойитиш йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилган, ҳаққоний тарихни ёритишда фидойилик намунаси бўлган инсон Сайфиддин ҳожи Жалилов 92 ёшида вафот этди.

Сайфиддин ҳожи 1927 йили Андижон шаҳрида  туғилди. 1944-1947 йилларда педагогика билим юртида ўқиган устоз Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факультетига ўқишга кирди. Олийгоҳни битирганидан сўнг, 1952-1955 йилларда аспирантурада ўқиди.

1957-1959 йилларда Андижон давлат педагогика институтида тарих фанидан дарс берди, 1959-1966 йиллар давомида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология илмий-тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб ишлади ҳамда 1965 йилда “Фарғона водийси суғорилиш системаси тарихидан” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Бу илмий иш кейинчалик, 1978 йилда, “Фарғона водийси суғорилиш тарихи” номи билан китоб ҳолида ҳам нашр этилди.

У ўз умри давомида йигирмадан ортиқ монографик тадқиқот, 400 дан зиёд турли мавзудаги илмий-оммабоп мақолалар яратди ва чоп эттирди: “Андижон” (1989 й), “Салтанатни титратган кунлар” (1998 й), “Бобур ва Андижон” (1993), “Бобурнинг Фарғона давлати” (1995 й), “Бобур ва Юлий Цезар” (2001 й), “Саёҳатнома” (2002 й), “Бухорийлар қиссаси” (2006 й), “Бухоро тақдири” (2011 й),”Шаҳзода Бобур” (2013й) ва бошқалар.

Андижон давлат педагогика институтининг (бу институт 1992 йилдан эътиборан давлат университетига айланган) доценти лавозимида ишлаш билан бирга 1967 йилдан 1995 йилга қадар Республика тарихий ва маданий ёдгорликларни сақлаш жамияти Андижон бўлими раёсатининг аъзоси ва сектор мудири, 1986-1988 йилларда Андижон вилояти музейлари илмий кенгашининг раиси, Бобур номли халқаро жамғарма раёсатининг аъзоси ва кўплаб экспедицияларнинг иштирокчиси бўлган. 

2001 йилда АҚШнинг икки штати – Индиана ва Оҳайо университетларида Ўзбекистон ва Туркистон тарихи ҳақида қизиқарли маърузалар ўқиди, айниқса, Бобур ҳақидаги маърузалари океан ортидаги талабаларнигина эмас, йирик олимларнинг ҳам эътиборига сазовор бўлди.

Сайфиддин ҳожи Жалилов Андижон давлат университети фахрий профессори, мазкур университет музейининг директори лавозимида фаолият кўрсатган.

Олимнинг меҳнатлари муносиб тақдирланган. Уни ҳукумат “Шуҳрат” медали (1998), “Мустақилликнинг 10 йиллиги” медаллари билан мукофотлаган. 2004 йили Халқаро Бобур мукофотининг совриндори бўлган. Устознинг шогирдлари ҳозирги кунда  мамлакатнинг турли олий ўқув юртларида, бошқарув идораларида, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида халққа хизмат қилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top