11:35 / 14.10.2019
0
24868

Сув ўсимликлари – сувни тозалашнинг ноёб ва арзон воситаси 

Гидрокимёвий ва микробиологик тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, турли оқова сувларни 12-15 суткада тўлиқ биологик тозалаши мумкин...

Оқова сувларни биологик тозалашнинг экологик хавфсиз ва иқтисодий арзон ҳамда самарали усулларини яратиш сув ресурсларини муҳофаза қилишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Оқова сувларни тозалашнинг турли методлари мавжуд. Ҳозирги даврда оқова сувларни тозалашнинг биологик методи, яъни, юксак сув ва сув-ботқоқ ўсимликлари ёрдамида тозалаш тавсия қилинади..

Кўп йиллик илмий тадқиқотларимиз натижасида қишлоқ хўжалиги корхоналари (қорамолларни бўрдоқига боқиш комплекслари, паррандачилик) ва саноат корхоналари (канопни қайта ишлаш, минерал  ўғитлар ишлаб чиқариш, биокимё, ёғ-мой корхоналари, пиллачилик корхоналари, тўқимачилик саноати) ва коммунал-хўжалик оқова сувларини органо-минерал моддалардан, оғир металлардан, цианидлардан, нефть маҳсулотларидан ҳамда патоген микроорганизмлардан юксак сув ўсимликлари — пистия, эйхорния ва азолла ёрдамида биологик тозалашнинг янги самарали биотехнологияси яратилган.

Пистия (Pistia stratiotes L.,  Araceae ), эйхорния (Eichhorпia crassipes Solms.,  Poпtederiaceae) ва азолла (Azolla caroliпiaпa Willd., сем. Azollaceae) сув бетида қалқиб ўсувчи, кўп йиллик ўсимликлар бўлиб, тропик ва субтропик минтақаларда кенг тарқалган. Ҳозирги пайтда мазкур ўсимликлар Ўзбекистон шароитига муваффақиятли интродукция қилинган.

Олиб борилган гидрокимёвий ва микробиологик тадқиқотларимиз натижаларига кўра,  турли оқова сувларни 12-15 суткада тўлиқ биологик тозалаши мумкин. Бу вақт ичида сапрофит микроорганизмлар сони минг мартагача, ичак таёқчалари гуруҳи бактериялари эса уч-тўрт кундан кейин умуман учрамайди. Сув таркибидаги микрофлоранинг миқдори кескин камайиб, ўсимлик ва ҳайвонлар учун патоген ҳисобланган микроскопик замбуруғлар йўқолиб кетади. Сувнинг физикавий ва кимёвий кўрсаткичлари яхшиланади, яъни сувнинг оксидланиши даражаси камаяди, сувдаги азот ва фосфор ионлари ўсимликлар томонидан деярли тўла ўзлаштирилади, сувда эриган кислород миқдори кўпаяди, оқова сув тиниқлашади ва қўланса ҳиди йўқолади.

Пистия, эйхорния ва азолла ёрдамида тозалаган сувни техник мақсадларда, яъни молхоналарни ювишда, қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда, каноп поясини ивитишда ёки балиқчилик ҳовузларига ва очиқ сув ҳавзаларига чиқариб юбориш мумкин. 

Пистия сув юзасида қалқиб ўсувчи, қисқарган пояли, барглари ясси эшкаксимон ўсимликдир. Интродукция шароитида бўйи 20-40 см гача етади. Илдиз бўғзидан чиққан барглари қалин боғлам ҳосил қилиб, юқори қисми яшил, бўйламада чизиқсимон чуқур излар мавжуд. Баргларининг бутун сатҳи қалин, кўп ҳужайрали, шаффоф тукчалар билан қопланган. Ўсимлик баргларида аэренхима тўқималари яхши ривожланганлиги сабабли, сув юзасида қалқиб ўcaди. Пистиянинг илдиз тизими попуксимон, узунлиги 50-60 см бўлиб, кўп  тукчалар билан қопланган

Эйхорния  сув юзасида қалқиб ўсувчи ўсимлик бўлиб, бўйи 30-40 см.  Қошиқсимон; силлиқ, яшил, ялтироқ тусдаги барг япроқлари овалсимон шаклда; четлари текис, симметрик бўйламасига параллел жойлашган ва томирлари аниқ кўриниб туради. Барг бандлари асосида, ҳаво билан тўлган шарсимон этдор қисми аэренхима — ўсимликни сув юзасида қалқиб туришини таъминлайди. Попуксимон илдиз тизими тукчалари яхши шохланган. Қисқарган поясининг асосидан 15-20 тагача барг ғилофи билан қўшилиб, ўсувчи биринчи тартиб ён илдизлар ривожланган. Узунлиги 2,5 см гача бўлган иккинчи тартиб ён илдизлари сувда горизонтал жойлашади

Азолла сув юзасида қалқиб ўсиб, узунлиги 0,7-1,8 см гача етади. Спорафитининг юқори қисмида 2 қатор майда баргча, устма-уст жойлашган тангачалар каби шохчани қоплаб олади, танасининг пастки қисмида эса 2,0-2,5 см узунликда илдизча шаклланган. Барг тузилишига кўра, у юқори даражада ривожланган, яъни ҳар бир барг икки сегментдан иборат: юқори сегменти яшил рангли, сув сатҳининг юза қисмида жойлашади; пастки сегменти эса сувнинг остки қисмида жойлашиб, сувда эриган моддаларни ўзига тортиб олиш учун хизмат қилади.  

Азолла ялпи кўпайишининг оптимал даври июль-сентябр ойлари бўлиб, бу даврда суткасига 250-300 г/м2 биомасса ҳосил қилади.

Оқова сувларда ўстирилган азолла 1 гектар сув юзасидан бир кеча-кундузда 1500-2000 кг гача ҳўл биомасса; пистия ва эйхорния эса 1800-2700 кг гача ҳўл ёки 90-135  кг гача мутлақ қуруқ биомасса бериши мумкин (июнь-октябрь ойларида).

Юксак сув ўсимликларининг биомассаларини кўчат сифатида оқова сувларни  тозалаш иншоотларининг биологик ҳовузларига экиш ёки иссиқлик ёрдамида (АВМ-0,65, АВМ-1,5) ишлов бериб, витаминли ун тайёрлаб, оқсил – витаминли ва минерал озуқа сифатида қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ва паррандаларини боқишда уларнинг рационига қўшимча озуқа сифатида фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, азоллани шоличиликда «яшил ўғит» сифатида ишлатиш натижасида шоли ҳосилдорлиги назорат вариантига нисбатан 20-25% га ошганлиги ва 1 гектар шоли майдонидан олинган иқтисодий самарадорлик 2008 йилда  500 000 (беш юз минг) сўмни ташкил этган.  Ангрен «Сувоқова» тозалаш иншоотида оқова сувларни пистия, эйхорния ва азолла ёрдамида тозалаш натижасида электроэнергия ва оқова сувларини зарарсизлантиришда ишлатиладиган хлор ва унинг бирикмаларини тежаш ҳисобига олинган иқтисодий самарадорлик 2012 йилда 306 млн (уч юз олти миллион) сўмни ташкил қилган.

Юксак сув ўсимликларини манзарали ўсимликлар хилма-хиллигини ошириш учун ҳовузларни безашда ҳам фойдаланиш мумкин

Корхона ва давлат идораларига сувни тозалаш ва қайта ишлатиш учун мазкур сув ўсимликларидан фойдаланишни тавсия этамиз.

ЎзРФА Ботаника институти катта илмий ходими,
Биология фанлари номзоди Т.Н. Холмурадова

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top