Ўзбекистон | 16:53 / 15.10.2019
4893
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда пальма ёғини истеъмолга яроқли ҳолатда ишлаб чиқарувчи тузилма йўқ» – «Ўзстандарт»

Бугун, 15 октябрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда импорт маҳсулотлар сифатига эътибор қаратиш: маҳаллий маҳсулотларнинг ҳамёнбоплиги ва аҳоли талабларига мослигини истеъмолчиларга тушунтириш» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда «Ўзстандарт» агентлиги, Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш федерацияси, Божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа қатор мутасадди ташкилотлар иштирок этди. Анжуманда депутатлар томонидан муҳокамаларга сабаб бўлган импорт қилинаётган пальма ёғи сифати бўйича саволларга жавоб берилди. «Ўзстандарт» агентлиги сертификатлаштириш бошқармаси раҳбари Нозим Собиров мавзу бўйича батафсил маълумот берди.

«Пальма ёғи бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотларига қўлланади. Ўзбекистонга импорт қилинадиган пальма ёғи бир неча сифат текширувларидан ўтади. Икки хил пальма ёғи: истеъмолга яроқли ва техник мақсадларда фойдаланиладиган турлари бор. Иккинчи тоифадаги ёғ арзон ва талаб шунга яраша кучли. Шунинг учун Ўзбекистонга техник пальма ёғи кўпроқ кириб келяпти. Шу сабабли ҳам аҳоли орасида пальма ёғи фақат техник мақсадларда фойдаланилар экан, деган тушунча шаклланган. Ваҳоланки, пальма ёғини истеъмол маҳсулотларига ишлатса ҳам бўлади. Бундан аввал бу босқичга олиб келиш учун ишлов берилиши зарур. Афсуски, Ўзбекистонда пальма ёғини истеъмол даражасигача олиб келадиган ишлаб чиқариш тузилмаси йўқ. Тадбиркорлар техник ва истеъмол пальма ёғи бир хил мақсадларда фойдаланилмаслигини тушунишмайди», дея унинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Қўшимча қилинишича, охирги вақтларда Қозоғистон ва Малайзиядан келтирилган пальма ёғи синов-текширувлари ўтказилди. Унга кўра, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган палма ёғи 2та кўрсаткич бўйича номувофиқлиги (никел миқдори 2 баравар, трансёғлар 4,5 баравар юқори) аниқланди. Сифатсиз пальма ёғи кириб келишининг олдини олиш бўича халқаро институтлар ва Божхона қўмитаси билан иш олиб борилмоқда.

Мавзуга оид