21:26 / 27.11.2019
2
25688

«Ўзбекконцерт» директори лицензияни олиш ва қайтариб бериш масаласида изоҳ берди

Сўнгги ойларда ижтимоий тармоқларда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси фаолиятини тугатиш ҳақида турли чақириқлар юзага келиб, интернет фойдаланувчилари ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ОАВ вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ушбу мавзудаги баҳсларга ўз муносабатини билдирди.

«Ҳақиқатан ташкилот тармоқларда жуда шов-шувларга сабаб бўлди. Агар биз кимнингдир гапига кириб, «Ўзбекконцерт» давлат ташкилотини ёпадиган бўлсак, кўп нарсада ютқазамиз. Ёпиш осон, ташкил қилиш қийин. Биз ҳозир ҳукуматга «Ўзбекконцерт» фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида таклиф киритганмиз. Очиқ айтаман, бу ташкилотни ёпиш тўғрисида эмас.

Айни пайтда эстрада хонандалари ичида бирор корхонада муқим ишлайдигани йўқ. Уларнинг ҳаммаси тадбиркор. Тадбиркор фаолиятини тўхтатиб бўлмайди. Уларни бошқариб, бош бўлиб турадиган бу «Ўзбекконцерт». Ушбу муассаса фаолиятини қайта кўриб чиқамиз. 

Битта нарсани тушуниб олинглар, ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари. «Ўзбекконцерт»нинг лицензияни қайтариб олишга ҳақи йўқ. Бу тадбиркорлик фаолияти. Лицензияни 10 кунга тўхтатади ҳамда шу 10 кун ичида «Ўзбекконцерт» ўша тадбиркорни судга беради. Лицензияни тўхтатиш ёки бекор қилиш суд ваколатига киради», дея Маданият вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг таъкидлашича, халқ билан бевосита ишлайдиган айрим соҳа вакилларига лицензия керак. 

«Ҳаммамизга маълумки, республикамиздаги ислоҳотларнинг аксари жамоатчилик фикрига асосан бажариляпти. Лицензияни олиш ва қайтариб бериш масаласи ҳам жамоатчилик фикридан келиб чиқиб, амалга оширилди. Яъни, Жаҳонгир Отажоновнинг лицензия масаласи бўйича жамоатчилик томонидан ток-шоулар, кўрсатувлар қилинди. Бу юртимиздаги сўз эркинлиги ва олиб борилаётган ислоҳотларнинг бир натижаси, деб ўйлайман. 

Санъаткорларга лицензия керак ёки керак эмаслигини ҳал қилиш менинг ваколат доирамга кирмайди. Вазифам бугунги кунда мавжуд қонунчилик асосида фаолият олиб бориш. Шахсий фикримни билдирмоқчи бўлсам, халқ билан бевосита ишлайдиган айрим соҳа вакилларига лицензия керак. Масалан, телевидение, сайтлар фаолияти ҳам лицензияланган-ку?», дейди Одил Абдуқаҳҳоров.

«Ўзбекконцерт» расмийсининг қўшимча қилишича, мазкур ташкилотга давлат бюджетидан маблағ ажратилмайди. Уларнинг молиявий манбаси хонандалар томонидан лицензияга бериладиган маблағлар ҳисобланади. Лицензия учун қилинган тўловлар Маданият вазирлиги қошидаги маданият ва санъатни ривожлантириш фондига тушади.

Жорий йилнинг 9 ой ҳолатига кўра, «Ўзбекконцерт»дан лицензия олиб фаолият юритаётган санъаткорлар сони 3 минг 654 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган йили 3 минг 172та бўлган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top