12:44 / 28.12.2019
0
4502

«Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун хусусий секторни кенгайтириши керак» - Туркия элчиси

Меҳмет Сурейя Эр / Фото: АОКА

Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун хусусий секторни кенгайтириши, инновацион технологияларга кўпроқ эътибор қаратиши керак, дея ҳисоблайди Туркия элчиси Меҳмет Сурейя Эр.

Мамлакатдаги тўқимачилик саноати истиқболларига бағишланган матбуот анжуманида соҳа вакиллари билан бир қаторда Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эр ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон мазкур соҳани ривожлантириш учун нималарга эътибор қаратиши кераклиги бўйича ўз фикрлари билан бўлишди.

Элчининг сўзларига кўра, мамлакатда тўқимачилик саноатини тўлақонли модернизация қилишга эҳтиёж мавжуд.

“Ўзбекистон тўқимачиликни ривожлантириш ва жаҳон текстил бозорида муҳим актёрга айланиш учун етарлича моддий ва меҳнат ресурсларига эга. Фақатгина бунинг учун замонавий технологиялар ва инновацион услуб режимига тўлиқ ўтиш керак. Соҳада хусусий секторнинг ролини ошириш даркор. Бу эса давлатнинг хайрихоҳлиги билан бўлади”, ─ дейди элчи.

Меҳмет Сурейя Эр жаҳон тўқимачилик бозорида еттинчи ўринни эгаллайдиган Туркиянинг соҳадаги ютуқлари сири нимада эканлигини маълум қилди.

“Туркия текстил маҳсулотлари экспортини 1980-йиллардан бошлаган. Ҳозирда текстил маҳсулот ва тайёр кийим сотиш бўйича жаҳон бозорида 7-ўринни, тўқимачилик ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича эса 16-ўринни эгаллайди. Бунга сабаб, мамлакат илмий тадқиқотларни ривожлантиришга ўз вақтида аҳамият берган. Ҳамма нарсанинг негизида илм-фан ётади. Илмий салоҳиятни юксалтириш, тадқиқотларни ривожлантириш натижасида янги матолар, замонавий технологиялар ишлаб чиқиш учун имконият яралди”, ─ дея таъкидлайди жаноб элчи.

Шунингдек, Меҳмет Сурейя Эр турк фирмалари Ўзбекистонда соҳа ривожи учун ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

“Ўзбекистонда ишлаб турган турк корхоналарининг ярмидан ортиғи тўқимачилик ва тайёр кийим ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Ўзбекистонга янги ишлаб чиқариш ускуналарини олиб келиш, бой тажриба билан ўртоқлашиш учун доим тайёрмиз. Тармоқ ривожи учун муҳим бўлган ноу-хау технологиялар олиб келинмоқда”, ─ дея қўшимча қилди элчи.

Элчининг маълум қилишича, Туркия миллий даромадининг 6,6 фоизини, экспорт ҳажмининг 18,8 фоизини тўқимачилик ва тайёр кийим маҳсулотлари ташкил этади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top