22:54 / 31.12.2019
0
4623

Франциялик ошпаз Michelin рейтингини тузувчиларга қарши судда ютқазди

"Michelin қизил гиди" ошхоналар рейтингида учта юлдузининг биттасидан айрилган бош ошпаз Марк Вейра суд орқали ушбу рейтинг нималарга асосланиб тузилишини аниқлашга муваффақ бўла олмади.

Вейрага қарашли La Maison des bois ресторани 2018 йилда учинчи Michelin юлдузини олганди, аммо бу йил учинчи юлдузидан маҳрум бўлди. Бунга нима сабаб бўлгани номаълум.

Вейра нашрни нималарга асосланиб уни битта юлдуздан маҳрум қилишганини очиқлашларини сўраб судга берди ва судда ғалаба қозонган тақдирда Michelin нашрининг кейинги рейтингларига уни киритмасликларини, учинчи юлдузидан ажралганидан кейин "тушкунликка тушиб қолгани учун" рамзий 1 евро жарима тўлашларини талаб қилди. 

Рейтинг тузувчиларининг адвокати эса даъвогар ҳар сафар юлдузга эришганида нималарга асосланиб унга юлдуз берилганига қизиқмаганлигини таъкидлади.

Январь ойида Вейрадан ташқари 50 йилдан буён уч юлдузлилар рўйхатида бўлган L"Auberge de l"Ill ресторанлари ва қаторасига 11 йил юқори ўринда бўлган L'Astrance ресторани ҳам биттадан юлдузидан айрилганди.

Michelin компаниясининг гид нашри 1900 йилдан буён чиқарилади. Унда дастлаб меҳмонхоналар, ресторанлар ва автотураргоҳлар рўйхати чоп этилган бўлса, кейинчалик ресторанлар рейтинги тузила бошлаган. Бугунги кунда битта юлдуз "яхши ресторан", иккита бўлса - "аъло ошхона", уч юлдуз эса - "қойилмақом муассаса"ни англатади.

Ресторанларни баҳолаш мезонлари тижорат сири ҳисобланади. Ресторанларни махфий равишда ташриф буюрадиган нашр инспекторлари баҳолашади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top