22:24 / 19.01.2020
0
29811

Мактаб битирувчилари учун FLEX дастурига аризалар қабули бошланди

АҚШнинг FLEX таълим дастури учун аризалар қабули бошланди. Унда дунёнинг 40дан ортиқ мамлакати болалари ҳужжат топшириши мумкин.

Ўзбекистонлик талабгорлар учун охирги муддат 6 февраль этиб белгиланган.

FLEX дастури тарихига назар

Future Leaders Exchange – FLEX (Келажак лидерлари алмашинуви) дастурига оид қонун АҚШда 1991 йилда қабул қилинган.
Аввалига лойиҳа Американинг собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги давлатлар билан алоқаларини ривожлантиришга қаратилган эди. Кейинчалик эса рўйхатга бошқа давлатлар ҳам қўшилди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад – америкаликлар ва бошқа миллат вакиллари ўртасида дўстона алоқаларни ўрнатишдир. Минглаб америкаликлар ва маҳаллий мактаблар грантни қўллаб-қувватлайди ва ҳеч қандай ҳақ олмасдан ғолибларни ўқитади, оилаларига қабул қилади.

Ўтган 27 йил мобайнида FLEX дастури ўрта мактабларнинг 28 000 нафар ўқувчисига стипендиялар ажратди. 2019/20 ўқув йили учун жами 977та квота берилган.

Улар орасида шу лойиҳа доирасида билим олиб қайтган ва кейинчалик яхши лавозимларни эгаллаган ўзбекистонлик ёшлар ҳам бор.

Мактаб ва лицей битирувчилари учун

Бу йилги дастур учун 2002 йилнинг 15 февралидан 2004 йил 31 мартгача бўлган муддатда туғилган ва ҳозир 11-синфда ёки академик лицейнинг охирги босқичида ўқиётган ўзбекистонлик болалар ҳужжат топшириши мумкин.

Ҳужжатлар https://ais.americancouncils.org/flexuz ҳаволасида қабул қилинади.

Рўйхатдан ўтилгач, дастур имтиҳонлари вақти ҳақида талабгорнинг электрон почтасига маълумотлар юбориб турилади. Аризада талабгор имтиҳонларни топшириш учун Тошкент, Нукус, Наманган, Самарқанд каби шаҳарлардан ўзига мосини танлаши мумкин.

Номзодлар бир неча босқичдан иборат танловдан ўтишади. Ярим финал  босқичида иштирокчилар ва уларнинг ота-оналари таништирув йиғилишига таклиф этилади ва уларга дастур ҳақида кўпроқ маълумот берилади.

Ҳар бир иштирокчи индивидуал суҳбатдан, инглиз тили бўйича тест синовларидан ўтади. Бунда инглиз тилини яхши билиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади

Дастур ғолибларига бериладиган имкониятлар

  • Доимий яшаш жойидан то АҚШдаги белгиланган уйгача ва ватанига қайтиб келиш йўлкираси;
  • Ойлик стипендия. Ушбу стипендияни ўқувчи шахсий харажатлари ҳамда АҚШда яшаган даврида ижтимоий ҳаётда тенг иштирок этишига сарфлайди;
  • Олдиндан яхшилаб текшириб, танланган мезбон оилада бир йил мобайнида бепул яшаш;
  • Америка мактабида рўйхатга олиниш ва ўқиш;
  • Дастур олдидан ва кейин ўтказиладиган тайёрлов курсида иштирок этиш;
  • АҚШда ташкил этиладиган маҳаллий тадбирларда иштирок этиш;
  • Тиббий суғурта. Мазкур суғурта АҚШга келгунга қадар бўлган касалликларни даволашни қопламайди. Шунингдек, стоматологик ёрдам ҳам ушбу суғурта таркибига кирмайди.

Грант дастури асосида ўқийдиганларда ҳам инглиз тилини мукаммал ўрганиб қайтиш, ҳам бошқа турли миллат вакиллари билан дўстлашиш, уларнинг маданияти билан танишиш ва ўз навбатида, ўзбек маданияти ҳақида ҳам уларга маълумот бериш имконияти бўлади.

Имконияти чекланган ўқувчилар ҳам танловда иштирок этишлари мумкин. Ҳар йили 20га яқин имконияти чекланган иштирокчи грант ғолиби бўлиб, FLEX дастурида қатнашади.

Изоҳ: Бола охирги 5 йил ичида АҚШда 90 кундан ортиқ яшаган бўлса, танловда қатнаша олмайди. Шунингдек, ота-онаси ё қариндоши АҚШга иммиграция қилган ёки бунинг учун ариза берган ёхуд буни режалаштираётган бўлса ҳам бола FLEX дастурида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top