13:38 / 20.03.2020
34864

Алишер Шодмонов: «Ўзбекистон аҳолисининг 51 фоизи ортиқча вазнга эга»

Алишер Шодмоновнинг таъкидича, семизликнинг олдини олиш учун организмга тушаётган калория миқдорини камайтириш, мавжуд калорияни эса сарфлаш лозим 

Фото: KUN.UZ

Халқаро пресс клубнинг “Қадамма-қадам” лойиҳасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов коронавирус таъсирида дунё ва Ўзбекистондаги вазият, инсон саломатлигини сақлашда тўғри овқатланиш ва ҳаракатнинг аҳамияти, семизлик муаммоси ҳақидаги фикрларини билдирди.

Кўрсатув давомида Алишер Шодмонов бошловчининг Ўзбекистондаги семизлик кўрсаткичи ҳақидаги саволига жавоб берди.

“Аввал бу ўлчанмаган эди. Семизлик тўғрисида гапирганда хорижий статистикани келтириб, унга таяниб гапирардик. Бугунги кунга келиб, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда изланиш ўтказдик. Ана шу изланишлар натижасида аҳолимизнинг 51 фоизида ортиқча вазн борлиги, 28 фоизида ундан ҳам юқорироқ даражаси – семизлик касаллиги қайд этилганлигини илмий ишлар билан исботлаб бердик”, - деди Алишер Шодмонов. 

Соғлиқни сақлаш вазирининг таъкидича, семизлик ҳозирда ёшларда ҳам кузатиляпти.

“Минг афсуски, семизлик ҳозирда фарзандларимизда ҳам учраяпти. Бу Америка Қўшма Штатлари, Европага хос эди. Энди бизга кириб келди. [Болаларни] дўмбоққина, полвонгина деб уни мақтаб юраверамиз”, - деди Шодмонов. 

Алишер Шодмоновнинг таъкидича, семизликнинг олдини олиш учун организмга тушаётган калория миқдорини камайтириш, мавжуд калорияни эса сарфлаш лозим. Бунинг учун эса тўғри овқатланиш ва албатта пиёда юриш керак.

Top