23:42 / 22.03.2020
8547

Карантин даврида мактаб ходимлари тунги навбатчиликка жалб этилиши ҳақида топшириқ йўқ ― ХТВ

Вазирлик «ташаббускор» ҳудудий раҳбарларга мурожаат қилиб, ҳукумат бундай топшириқ бермаганини эслатиб қўйди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев 22 март кунги брифингда чиқиш қилиб, карантин даврида мактаб ходимларининг иш тартиби хусусидаги саволларга жавоб берди.

«Карантин вақтида таълим муассасаларида тунги навбатчилик ташкил этилиши режалаштирилмаган. Лекин жойларда «ташаббускор», турли даражадаги айрим раҳбарлар томонидан тунги навбатчилик ташкил этиш ҳақида топшириқлар берилаётганлиги тўғрисида хабарлар келмоқда. Халқ таълими вазирлиги барча маҳаллий ҳокимликларга таълим муассасаларида тунги навбатчилик ташкил этиш ҳақида Ҳукумат (махсус комиссия) томонидан расмий топшириқ берилмаганлигини эслатиб ўтади», дея вазир ўринбосарининг сўзлари келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Дилшод Кенжаев карантин даврида мактаб жамоасидан кимлар ва нима сабабдан фаолиятини давом эттиришини тушунтирди.

«Ўқувчилар учун қўшимча эълон қилинган таътил даврида масофадан туриб ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда таълим муассаса ва ташкилотларнинг бино ва иншоотларини самарали сақлаш ишларини мувофиқлаштириш, шунингдек етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбия жараёнини ташкил этиш мақсадида ўз фаолиятини иш жойида амалга оширадиган раҳбар ва ходимлар рўйхати тасдиқланди.

Булар ― мактаб ва мактаб-интернатларда директор, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари (ёки хўжалик ишлари мудири), психолог, ёшлар етакчиси, фаррош (ҳовли супурувчи), ишчи, қоровул.

Масалан, ҳозирги кунда жойларда СЭОМ ходимлари билан биргаликда таълим муассасаларида тозалаш-дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда», – деди у.

Дилшод Кенжаевга кўра, боғча ёки бошланғич синф ёшида бўлган фарзандларига уйда қараб туришлари учун лавозимидан қатъи назар меҳнат таътили берилади, бунинг учун уларга барча шароитлар яратилади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top