19:36 / 04.04.2020
73197

«Хайрия ёрдамини олиш тартиби, Хитой элчисини йиғлатган ҳолат ва халқларни бирлаштираётган коронавирус» – Элмира Боситхонова билан суҳбат

Махсус комиссия қарорига кўра 1 апрелдан жорий қилинган янги карантин тадбирлари доирасида якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатилди.

Эндиликда хайрия ёрдамлари марказлашган ҳолда амалга оширилмоқда.

Kun.uz мазкур янги тизим, хайрия қилувчилар ҳамда хайрияга муҳтож оилалар учун унинг ишлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида ушбу марказлашган хайрия ишлари учун бевосита жавобгар орган – Маҳалла ва оилани қўллаб–қувватлаш вазирлиги мутасаддиси билан суҳбат ташкил қилди.

Суҳбатдошимиз вазирнинг биринчи ўринбосари, кўп йиллар Ўзбекистонда хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаган Элмира Боситхонова.

«Хайрия акцияларини ўтказишда битта тизим йўқлиги кўриниб қолди»

Вазир ўринбосарига берган дастлабки саволимиз янги тизим бўйича хайрияга муҳтожлар рўйхати қандай шакллантирилаётгани борасида бўлди.

Тўғри, кўпчилик хайрияларни очиқ-ошкора қабул қилавериши мумкин, лекин шундай одамлар ҳам борки, улар кимдандир ёрдам сўрашга ийманади ва буни кимгадир кўрсатишни ҳам истамайди.

«Биз кўрдик, ҳамма давлат ўз билганича ва ўзи тушунганича пандемияга қарши курашмоқда ҳамда шу шароитда жабр кўраётганларга ёрдам бермоқда», – дея сўз бошлади Элмира Боситхонова.

Унинг айтишича, охирги ўрганишлар карантиннинг энг муҳим шарти – одамлар орасида мулоқотларни имкон қадар минимумга келтириш эканлигини кўрсатган. Аммо, карантин даврида маҳалла фаоллари, ҳокимият вакиллари ёки волонтёрлар томонидан муҳтож оилаларга ёрдам етказишда айнан мана шу қоидалар бузилиши энг кўп кузатилаётган камчилик ҳисобланади.

«Бу жараёнда битта тизим йўқлиги аниқ кўринмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳат – хайрия маҳсулотлари олишда сиз айтганингиздек, қайсидир оила ўзи шижоат кўрсатган бўлса, яна айримлари четда қолаверган.

Мана нега хайрия тадбирларини тизимли ташкил қилиш зарурати кун тартибига чиқди.

Бу тизимнинг биринчи ўриндаги вазифаси ёрдамга муҳтож оилани аниқ топиш. Марказларга учта йўналишда ахборот келади.

Биринчи йўналиш – биз ташкил қилган колл-центр рақамлари – 1197 орқали.

Иккинчи йўналиш – жойлардаги ҳақиқий аҳволни яхши биладиган маҳалла фаолларининг ҳақиқий, шаффоф маълумотлари.

Учинчи йўналиш – жойларга чиқаётган волонтёрлар маълумотлари.

Биз хайрия маҳсулотларини етказишда айнан мана шу йўналишлар орқали етиб келган маълумотлар орқали ишлаймиз», – деди Боситхонова.

«Карантин тугагач хайрия тадбирлари вазирлик томонидан аниқ тизимга солинади»

Карантин тадбирлари доирасида хайрия акцияларини марказлаштирилиши ўзини йўлига, лекин бу тизим бизда аввалдан муаммо бўлиб келган. Яъни, марказлашган ҳолда хайрия ташкил қилиш тизимининг ўзи йўқ эди. Хўш, карантин тугаганидан кейин ҳам марказ ўз фаолиятини давом эттирадими ёки бу фақат карантин доирасидаги фаолият бўлиб қоладими?

Ушбу саволга Боситхонованинг жавоби қуйидагича бўлди: «Биз ҳар куни изланишдамиз. Карантин қанча давом этишини билмаймиз. Ҳар куни тажриба орттиряпмиз, хулосалар қиламиз.

Худо хоҳласа, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги карантин тугаганидан кейин бу борадаги ишларни ҳам аниқ белгилаб олади».

«Хайрия акцияларини ўтказишда турли фондлар ёрдами катта бўляпти»

Муҳтож оилаларга юборилаётган хайрия маҳсулотларнинг барчасини бир хил маҳсулотлар ташкил қилади.

Савол туғилади:ҳар кимда эҳтиёжлар турлича. Масалан, кимгадир картошка, кимгадир гўшт ва яна кимгадир соғлиғи учун дори етишмайди.

Хўш, аҳолининг бу борадаги эҳтиёжлари қандай аниқланади.

«Икки кун ичида бизни қиладиган хатти-ҳаракатларимиз вазиятга қараб ўзгарди. Масалан, телефон қўнғироқлари орқали ҳам айрим фуқаролар ўзига керакли дориларни сўрашмоқда. Шундан келиб чиқиб, бунинг ҳам ечим йўллари белгиланди», дейди вазир ўринбосари.

Унга кўра, хайрия акциясига «Соғлом авлод учун» фонди вакилларини ҳам таклиф қилдик.

«Хайрия акцияларини ўтказишда турли фондлар ёрдами катта бўляпти.

Биз «Соғлом авлод учун» фонднинг жуда катта миқдордаги дори-дармонларидан (рецептсиз бериладиган дорилар) фойдаланяпмиз. Бундан ташқари, бизга Дори-дармон ташкилоти ҳам ҳомий сифатида катта ёрдам бермоқда», – деди у.

«Волонтёрларнинг тиббий нуқтаи назардан маълумоти етарли»

Хайрия акциясидан тушган маҳсулотларни аҳоли хонадонларига етказишда волонтёрлар хизматидан фойдаланилмоқда. Хўш, бу борада волонтёрлар хавфсизлиги қанчалик ўйлаган? Вазирлик хавфсизлик талабларини қай даражада ҳисобга олмоқда?

Боситхоновага кўра, волонтёрларнинг тиббий нуқтаи назардан маълумоти етарли ва уларни саралаб олишда мана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Уларда тушунча бор. Волонтёрлар ҳаттоки аҳолига каратин талабларини ўргатишда бизга катта ёрдам бермоқда. Жойларга чиқиб келаётган волонтёрларимизнинг айтишича, айрим маҳаллаларда карантин даврида мактабларга бормаётган болалар йиғилиб футбол ўйнаётган ҳолатлар ҳам бор экан. Волонтёрларимиз уларга ҳолатни тушунтириб, уйларига киритиб юборишган.

Бу нимадан далолат? – Бу уларда ижтимоий масъулият юқори эканлигидан далолат», деди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, волонтёрлар томонидан хайрия маҳсулотларини аҳолига етказишда аниқ қоидаларга амал қилинмоқда.

Яъни, қоидага кўра, олиб борилган маҳсулот аҳоли уйларига тарқатилаётганда маҳалла вакиллари белгиланган масофадан яқинлашмайди. Маҳсулотларни махсус кийимлардаги волонтёрлар ёрдамга муҳтож оила вакилларига узатишади.

«Маҳалла вакиллари волонтёрларга фақат хайрияга муҳтож оилаларнинг уйинигина кўрсатиб беради. Оила маҳсулотни қабул қилиб олгач у рўйхатга олинади.

Ўйлайманки, бу тизим ва шу каби ҳамкорлик билан биз коронавирусдек ақлли душман устидан албатта ғалаба қозонамиз», – деди Боситхонова.

«Пандемия шароитида меҳр-оқибат. Ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашимиз мумкин»

Вирус нафақат ўзбек халқи, балки бутун дунё халқларини янада жипслаштираётгандек.

Элмира Боситхонова бу борадаги фикримизни маъқуллар экан, буни биринчи бор январь ойида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним билан гаплашганда ҳис қилганини ҳикоя қилди.

«Элчи хоним ўша пайтда Хитойда инфекция тарқала бошлагани ва Хитой халқи унга қарши жипслашаётганини менга айтганди. Элчи шу гапларни айтаётганда унинг кўзларида ёш пайдо бўлди. Буни мен Цзян Яннинг ватанпарварлик туйғуси деб тушундим.

Айтмоқчи бўлганим, биз мана шундай вазиятда бу каби туйғуларни янада мустаҳкамлашимиз мумкин.

Кейинчалик пандемия бизга ҳам кириб келди ва биз ҳам Хитой элчиси ҳис қилган туйғуларни ҳис қилдик.

Биз ҳам ватанимизни яхши кўрамиз ва фарзандларимиз учун биргаликда ҳаракат қиламиз».

«Таржимадаги хато туфайли мени танқид қилишди».

2 апрель куниЭлмира Боситхонова коронавирус инфекцияси бўйича мавжуд ҳолат ва уни кенг тарқалишини олдини олиш бўйича қилинаётган ишларга бағишланган брифингда қатнашган эди.

Брифингдан кейин ижтимоий тармоқлардаги бир қанча фойдаланувчилар вазир ўринбосарини танқид қила бошлашди. Унга кўра, Боситхонова сўнгги 5 кунда волонтёрлар устидан 500га яқин шикоят келиб тушгани ҳақида гапирган.

Хўш, Боситхонова ҳақиқатда шундай фикрларни айтганмиди ва агар вазирликка шу каби эътирозлар келиб тушган бўлса, волонтёрларга қандайдир чоралар қўлланганми?

Элмира Боситхоновага навбатдаги саволимиз шу мазмунда бўлди.

«Аввало, брифинг ўзбек тилида бўлганини эслатмоқчиман. Ва эшитган бўлсангиз, бундай фикр у ерда умуман йўқ эди.

Менда волонтёрлар фаолиятини рақамлар бўйича баҳолашга ваколат йўқ, чунки менда аниқ рақамлар бўйича таҳлилнинг ўзи йўқ.

Брифингда сўзимни биринчи навбатда ўз ишига масъулият билан ёндашаётган волонтёрларга миннатдорчилик билдиришдан бошладим.

Кейин жараёндаги хатоларимиз ва уларни тўғрилаш учун қилиниши керак бўлган ишлар ҳақидаги фикрларга ўтдим.

Волонтёрлар ҳақидаги фикрларим миннатдорчиликдан кейин тўхтаган.

Ўзим ҳам 2013 йилда қизлар ўртасида соғлом-турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича волонтёрлик ҳаракатини бошлаш ҳақида ўйлаганман. Улар ҳеч қандай маблағсиз, қийин жараёнларда жонбозлик кўрсатишади.

Бу гаплар таржимадаги хато ҳисобига бўлган ва шунинг учун мени хато танқид қилишди», – деди суҳбатдошимиз саволимизга жавобан.

«Оилавий ётоқхоналарда яшайдиган оилаларнинг деярли барчаси эҳтиёжманд»

Хайрия сифатида берилган маҳсулотни ҳар ким турли муддатда истеъмол қилади. Масалан, қайсидир оила берилган маҳсулотларни 4-5 кунда ва яна қайсидир оила 10-15 кунда. Бунда биринчи тоифадаги оилалар яна ёрдам сўраши мумкинми? Бу борада ишлар қандай тизимлаштирилади?

Элмира Боситхоновадан ўзимизни қизиқтирган ана шу савол бўйича фикрини сўрадик.

Унинг айтишича, бу ҳозир аниқ механизмга солинаётган жараён ҳисобланади.

«Бу борадаги хатоларимизни камайтиришнинг биринчи шарти – бугун олинган ахборотлар туманлар кесимида таҳлил қилинади ва бугунни ўзида эмас, эртаси куни етказилади.

Унгача биз битта маҳалладаги жараённи тўлиқ ўрганиб чиқамиз.

Бунда ўша туман маҳаллаларидаги ҳолатни яхши биладиган оқсоқоллар ва уларнинг ўринбосарлари билан мулоқот қилинади. Шу мулоқот натижасида эртанги рўйхат тўла тозаланиб қўйилади.

Биз бугунги натижалардан келиб чиқиб, эртанги режаларни ҳам тузиб оляпмиз. Масалан, Тошкентда оилавий ётоқхоналар бор. Биз ана шу ётоқхоналардаги тўртта оилаларга ёрдам олиб борганимизда қолганлари эътироз билдришди.

Шундан хулоса қилдикки, ётоқхоналарда яшайдиган оилаларнинг барчаси эҳтиёжманд. Шундан келиб чиқиб биз икки кундан кейин бутун ётоқхонага хайрия маҳсулотларини олиб бордик.

Кўряпсизки, иш давомида ҳам янги режаларни қилиб оляпмиз», дейди вазир ўринбосари.

«Ҳомий ўз ёрдамини қаерга ва кимга бораётганига аниқлик киритмоқчи бўлса унга ҳар босқични кўриш имконияти яратилган».

Хайрия қилувчи, савобталаб инсонлар ўзи хайрия қилаётган маҳсулотларни ҳақиқий эгаларига етиб боришини қандай назорат қилиши мумкин? Элмира Боситхонова жавоби кўпчиликни қизиқтирадиган ушбу савол юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Унинг айтишича, хайрия қилувчилар ўз хайрияларини марказга олиб келиб бериши бу – занжирнинг бир қисми ҳисобланади.

«Бизда эҳтиёжмандларни қабул қиладиган ва ёрдамларни қабул қиладиган алоҳида йўналишлар бор.

Ҳомий ўз ёрдамини қаерга ва кимга бораётганига аниқлик киритмоқчи бўлса унга ҳар босқични кўриш имконияти яратилган», – деди Боситхонова.

«Маҳалла раисларини жиноий жавобгарликка тортилиш ҳолатлари кўпайгани, ажратилган пул маблағлари тўғри тақсимланмагани янги тизимга нисбатан ҳам ишончсизлик пайдо қилмоқда»

Волонтёрлар иши Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ўтгани ижтимой тармоқларда кўпгина фойдаланувчилар томонидан бироз кескин фикрлар билан кутиб олинди.

Вазир ўринбосарига суҳбат давомида берган сўнгги саволимиз бу эътирозлар нима сабадан экани борасида бўлди.

Боситхонова бу ҳолатнинг сабабини охирги вақтларда маҳалла раисларини жиноий жавобгарликка тортилиш ҳолатлари кўпайгани, ажратилган пул маблағлари тўғри тақсимламагани ва шуни оқибатида уларга нисбатан ишончни йўқолганида, дея жавоб берди.

«Мана шу ишончнинг йўқолгани бошланаётган янги тизимга ҳам таъсир қилгандир. Лекин бугунги шаффоф жараёнлар мана шу ишончсизликни тарқатиб юборади деб ўйлайман.

Бу вазирликка ўзига ҳос босим ҳам юклайди ва ўйлайманки бугун ҳамма ўзига одатдагидан кўра кўпроқ босим олишга кўникиши керак», деди Элмира Боситхонова.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top