13:19 / 09.04.2020
15516

Иқтисодий турғунлик йилларида асос солинган 13 компания

Ҳозирда кўпчилик шахсий бизнесга асос солиш масаласини ноаниқ муддатга ортга сурмоқда. Бироқ тарихдан маълумки, иқтисодий инқирозлар вақтида ҳам муваффақиятли компания пайдо бўлиши мумкин. Қуйидаги 13та компания буни тасдиқлайди.

General Electric

Асос солинган йил: 1892

2019 йилдаги тушум: 95,2 млрд доллар

Томас Эдисон бизнесни бироз илгарироқ йўлга қўйган. У 1880-йиллардаги бир неча инқирозларни енгиб ўтган. Бироқ General Electric 1893 йил саросимасидан (АҚШдаги ишбилармонлик фаолияти деярли 40 фоизга тушган 16 ойлик давр) олдин пайдо бўлган. Шунга қарамай, General Electric инқирозни енгиш ва 1896 йилда Dow Jones Industrial Average индексига киритилган 12та илк компаниядан биринчисига айланишга муваффақ бўлган.

General Motors

Асос солинган йил: 1908

2019 йилдаги тушум: 137,2 млрд доллар

1800-йиллар сўнгида General Motors асосчиси Уильям Дюрант ҳали ҳам от экипажларини ишлаб чиқариш билан шуғулланар эди. 1904 йилда ўша вақтлари янги бўлган автосаноатга ўтишга қарор қилди ва Buick Motor Company компаниясини харид қилди. Бироқ 1908 йилнинг бошида, яъни 1907 йилдаги 13 ойлик саромиса туфайли 30 фоизлик инқирознинг ўртасида Дюрант GM’ни ҳолдингга айлантирди ва автомобил ишлаб чиқарувчиларни сотиб олди. Бу стратегия муваффақиятга эришди ва GM дунёнинг йирик корпорациялари қаторига кирди.

IBM

Асос солинган йил: 1911

2019 йилдаги тушум: 77,1 млрд доллар

Фото: REUTERS

IBM’га Чарльз Флинт томонидан 1911 йилда CTR (Computing Tabulating Recording) номи остида асос солинган. Компания икки йиллик инқирознинг ўртасида бизнес учун қурилмаларни сотишни бошлаган. Саноат суръатининг пасайиши икки хонали сонда акс этаётган бир вақтда CTR нафақат «жон сақлаб қолди», балки муваффақиятга эришди. Кейинроқ компанияга IBM номи берилди ва у рақамли инқилобни қўллаб-қувватлаб, технологиялар соҳасидаги миллиардлаб доллар ишлаб топган етакчига айланди.

Disney

Асос солинган йил: 1929

2019 йилдаги тушум: 69,6 млрд доллар

1928 йилда ака-укалар Уолт ва Рой Дисней «Виллининг кемаси» номли қисқа метражли анимация билан Микки Маусни дунёга танитишди. 1929 йилда улар тўрт йиллик «Буюк турғунлик» авж олган бир вақтда Walt Disney Productions компаниясига асос солишади. Ака-укалар бундай пайтда табассум Америкага ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур эканини тушунишарди. Улар шу даражада муваффақиятга эришдиларки, « Буюк турғунлик » тугаши биланоқ илк тўлиқ метражли лента «Оппоғой ва етти гном» устида иш бошлашди.

HP

Асос солинган йил: 1939

2019 йилдаги тушум: 58,8 млрд доллар

1937-1938-йиллардаги турғунлик «Буюк турғунлик» билан таққослаганда кичик ҳисобланади, лекин бу ҳам XX асрдаги энг ёмон инқирозлардан бири бўлган, масалан, ўшанда АҚШ ЯИМ кўрсаткичининг тушиши деярли 19 фоизга етган. Шунга қарамай, айнан шу вақтда Стэнфордни эндигина битирган Уильям Ҳюлетт ва Дэвид Паккард ўзларининг Hewlett-Packard компаниялари учун режа ишлаб чиқишга қарор қилишади. Инқироз оқибатларини ҳали ҳам ҳис қилган ҳолда улар 1939 йилнин 1 январь куни дунёдаги асосий электроника ишлаб чиқарувчиси бўлган компаниялардан бирига асос солишади.

Hyatt

Асос солинган йил: 1957

2019 йилдаги тушум: 5 млрд доллар

1958 йилдаги турғунликдан икки ой ўтгач, тадбиркор Жей Прицкер Лос-Анжелес халқаро аэропорти яқинида жойлашган Hyatt House мотелини сотиб олди. Ишбилармонлик фаолияти ва саёҳатлар сони камайганига қарамай, Прицкер ўз ишини давом эттирди ва 1960 йилда яна иккита меҳмонхона очади. Вақт ўтиши билан меҳмонхоналарнинг сони деярли 900тага, компания тушуми эса 5 млрд долларга етади.

Trader Joe's

Асос солинган йил: 1958

2019 йилдаги тушум: 13,3 млрд доллар

Фото: Getty images

1958 йилдаги турғунлик вақтида туғилган яна бир бизнес Жанубий Калифорниядаги Pronto Markets бренди остида иш бошлаганди. Компания асосчиси Жо Куломб Кариб оролларидаги таътилидан қайтгач, истеъмолчилар хорижий озиқ-овқат маҳсулотларига қизиқишаётгани ва дўконлардан уларни излашларига эътибор қаратади. Ғоя ўзини оқлайди ва Куломб бизнеси тез суръатларда ривожланади. 1979 йил тадбиркор ўз бизнесини немис миллиардери Тео Альбрехтга сотади.

FedEx

Асос солинган йил: 1971

2019 йилдаги тушум: 65,5 млрд доллар

FedEx асосчиси Фред Смит Йель университетидаги ўқув лойиҳаси доирасида юкларни бир манзилдан олиб, бошқа манзилгача етказишнинг тезкор ва ишончли концепциясини ишлаб чиқади. У 1969-1970 йиллардаги турғунлик даврида ўз компаниясига асос солди. Турғунлик даври узоқ давом этмаган ва мўътадил кечган бўлса ҳам аввалига Смит бизнес ҳамжамиятга хизматнинг янги турини сотишда жиддий муаммоларга дуч келади. Синалмаган етказиб берувчига ҳеч ким ўз пулини сарф қилишни истамасди. Шунга қарамай, у тўсиқларни енгиб ўтади ва тармоқни ривожлантиришда давом этди. 2019 йилда FedEx кунига 6 миллиондан ортиқ жўнатмаларни етказиб берди.

Microsoft

Асос солинган йил: 1975

2019 йилдаги тушум: 125,8 млрд доллар

1973 йилда фонд бозорининг қулаши билан кечган нефть инқирози 16 ойлик турғунликка олиб келди. АҚШ ЯИМи 20 йил ичидаги энг кучли зарбани бошдан кечирди. Бироқ бу Билл Гейтс ва Пол Алленга турғунлик расмий якунланганидан бир неча кун ўтгач, 1975 йил 4 апрелда очилган Microsoft компаниясида дастурий таъминот ишлаб чиқилишини йўлга қўйишга халақит қилмади. 1986 йилда Microsoft IPO ўтказди. Натижада уч миллиардер ва 12 минг миллионер кишилар пайдо бўлди.

Electronic Arts

Асос солинган йил: 1982

2019 йилдаги тушум: 4,5 млрд доллар

1979 йилдаги энергетика инқирози сабабли юзага келган 1981-1982 турғунлик йиллари АҚШда ишсизлик бўйича ўн йилликдаги энг ёмон кўрсаткичга дучор қилди. Бироқ бу Трип Ҳокинсга Apple компаниясидан ишдан бўшаб, Electronic Arts номи остидаги софт ишлаб чиқарувчисига асос солишга тўсқинлик қилмади. Компания тез ўсди ва уй компьютерлари ҳамда кўнгилочар тизимлар бозори учун ўйинлар етказиб берувчи, 10 минг ходимга эга ва йиллик тушуми 4 млрд доллардан кўп бўлган илғор компанияга айланди.

Salesforce, Google ва Facebook

Бу компаниялар турғунлик йилларида эмас, йирик иқтисодий инқирозлардан олдинроқ очилган: Google (1998) ва Salesforce (1999) — .com домени пуфаклари ёрилишидан олдин, Facebook (2004) эса навбатдаги молиявий инқироздан бироз аввал. Улар инқирозни енгишга муваффақ бўлишган. 2019 йилда уларнинг ялпи тушуми 72,77 млрд долларга етди.

Top