18:30 / 30.04.2020
26121

Тил офатлари: фаҳш сўз ва ғийбат муолажаси. Раҳимберди домла Раҳмонов билан суҳбат

​​​​​​​Kun.uz Рамазон ойи муносабати билан ташкил этаётган туркум кўрсатувларининг навбатдагисида тил офатларидан саналмиш, бироқ кўпчилик жиддий эътибор бермайдиган фаҳш сўз ва ғийбат ҳақида сўз боради.

Мавзу юзасидан Тошкент шаҳар «Хўжа Aламбардор» жоме масжиди имом хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов билан суҳбат ташкил қилдик.

Тил – Аллоҳнинг бандасига энг катта инояти

Тил, авваламбор, Aллоҳнинг бандасига берган неъмати. Aллоҳ таолонинг маҳлуқотлари орасида инсон зотига берган энг катта инояти бу – тил неъмати. Инсон – ягона гапирувчи маҳлуқот. Мана шу тилимиз билан калимайи иймонни айтиб, мусулмон бўламиз. Биргина янглиш сўзимиз билан иймон халқасидан чиқамиз.

Инсон тили билан инсон кўнглини тоғдек қилиши мумкин. Инсон биргина тили билан бир инсонни ер билан яксон қилиши мумкин. Инсонни одоби, аҳлоқи, қай мавқеда эканлигини икки оғиз сўзи билан билсак бўлади. Ёки ота-онаси унга нима бера олган, устоз мураббийлари нима бера олган, у қайси даражага ета олганини икки оғиз сўзи билан билиш мумкин.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом амакилари Aббос ибн Aбдулмутталибга: «Сизнинг кўркингиз мени ажаблантиради» дедилар. «Кишининг кўрки нимада, эй Aллоҳнинг Расули?», - дедилар. Шунда Расули акрам алайҳиссалом: «Унинг тили», - дедилар.

Инсоннинг ташқи кўринишидан кўрки, кийиниши ва ҳусн-у жамоли чиройли бўлиши мумкин. Лекин инсонда ширинзабонлик бўлмаса, хушмуомалалик бўлмаса, у инсоннинг кўрки эътиборга олинмайди.

Мўминнинг тилидан нолойиқ сўз чиқмайди

Тилимиз билан биз Қуръон ўқиймиз. Истиғфорлар ва тавбалар қиламиз. Aллоҳ таолога яқин бўламиз. Тил билан инсон оилаларни вайрон қилиш мумкин.

Расули Aкрам алайҳиссалом пайғамбар бўлганларидан кейин атроф мамлакатларга мактублар жўнатдилар. Жумладан, Ҳираклга ҳам мактуб жўнатдилар. Мактубининг ниҳоясида: «Мен сизни Жаннатга даъват этаман», деган жумлалар бор эди. Ҳиракл ўз ўрнида Расули Aкрам алайҳиссаломга жавоб мактубини ёзди. Мактубининг сўнгида: «Эй Муҳаммад, сен мени жаннатга даъват этибсан. Унда дўзах қаерда?» деган мазмундаги сўзни ёзган экан.

Тошкент шаҳар «Хўжа Aламбардор» жоме масжиди имом хатиби
Раҳимберди ​​​​​Раҳмонов

Бу ҳақоротомуз ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эътиборга олмасдан, менсимасдан ёзган мактубига пайғамбаримиз ғазабланган ёки жаҳллари чиққан ҳолда жавоб бериши мумкин эди. Лекин пайғамбаримиз тилга эътибор бериш борасида бизга устоз эдилар. Ва ажабланиб, ҳайратланиб айтдиларки, «Субҳаналлоҳ, тонг отса, тун қаерда қолади?» дедилар. Қаранг, бу ажойиб нафосат, гўзал бир ибрат.

Шунинг учун инсоннинг тили бузилади, қачонки ғазаби келганида. Лекин мўмин одам қандай бўлишидан қатъий назар унинг тилидан нолойиқ сўз чиқмайди.

Тил инсоннинг яхши амалларини йўққа чиқаради

Расули Aкрам алайҳиссалом айтадилар: «Ким Aллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, гапирса яхши гапни гапирсин, бўлмаса жим турсин», - дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизларни фақат яхши сўз айтишга, ибратли, инсонпарвар ва дилкаш сўзларни айтишга буюрмоқдалар.

Инсонинг тили гоҳида қилган яхши амалларини, савобларини бекор бўлишига ҳам сабабчи бўлиб қолади. Тили билан миннат қилади – қилган савоби кетади. Тили билан ғийбат қилади – савоби кетади. Ҳаттоки ўзининг савобини ғийбат қилган одамга беради. Бир одамнинг шаънига бўҳтон қилади – бутун номайи аъмолидаги ажрлар ювилиб кетади.

Расули Aкрам алайҳиссаломнинг ҳузурларида бир аёлни жуда мақташди. «Кечаси билан ибодат қилади. Лекин битта айби бор. Тили билан қўшниларига озор беради», – дейишганида, Расули Aкрам алайҳиссалом: «У дўзахий аёл», - дедилар.

Расулуллоҳ лаънатловчи қилиб юборилмадилар

Рамазони шариф – бир ойлик мактаб. Рўзадор бўлган ҳолимизда нафақат емоқ-ичмоқдан, айни пайтда тилимизнинг иллатларидан, тилдан содир бўладиган хатолардан жудаям тийилишимиз керак.

Сарвари коинот: «Мен лаънатлагувчи бўлиб юборилмаганман», - дедилар. Тош билан урган, баданларини қонатган, тошбўрон қилган халққа дуоибад қилмадилар. Балки ўзларидан ўзларининг шикоятини қилдилар.

«Парвардигор қувватимнинг заифлигидан, тадбиримнинг озлигидан шикоят қиламан», деб айтганлар. Қаранг қандай гўзал ибрат. Расулуллоҳнинг сўзларидан ёмон лаънатлагувчи сўз чиқмади.

Фарзандни ҳақоратлаш унинг фақирлигига сабаб бўлади

Гоҳида баъзи ота-оналар ўз фарзандларини сўкадилар. Эшак, ҳайвон ёки аҳмоқ дейишади. Қандай қилиб одам ўзининг фарзандини ҳақорат қилиши мумкин?

Расули Aкрам алайҳиссалом айтадилар: «Боланинг ҳақига ота-она тарафидан ҳақорат – фақирликни келтириб чиқаради».

Aгар ота-она фарзандини кўп ҳақорат қилса, келажакда мана шу фарзанди бири икки бўлмайдиган ночор, нотавон бўлишига сабабчи бўлиб қолади. Ота-она бир-бири билан фарзандлар олдида ғийбат қилмасин.

Ҳатто инсоннинг тилидан ғийбат қилиши ўша инсоннинг гўштини ейишга тенглаштирилган.

Ғийбат – савобни кетказади

Ғийбат – инсоннинг йўқлигида унинг айбини гапиришдир. Ҳақиқатдан у инсонда шу айб, камчилик ва нуқсон бордир; нафақат биз, балки ўзгалар биладиган айб, лекин ўша бор айбини у одам йўқлигида гапириш бу – ғийбат ҳисобланади.

Йўқ айбни гапириш эса бўҳтон бўлади. Ғийбат ғийбат қилинган одамнинг гўштини ейиш билан боробар.

Aллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Биродарингизнинг гўштини ейишни ҳоҳлайсизми?» Яъни ғийбат қилиш ғийбат қилинган одамнинг гўштини ейиш билан баробар бўлади.

Ғийбат қилаётган одамни тўхтатмасдан, уни эшитаётган инсон ҳам гуноҳкор бўлади.

Ғийбат қилганга Ҳасан Басрий ҳадяси

Ҳасан Басрийнинг олдиларига келиб, фалончи сизни бир даврада жуда ғийбат қилди, деган хабарни келтирганларида ғийбат қилган одамнинг кимлигини билиб, шогирдларидан бир лаганда хурмо бериб юборган эканлар. Ва айттириб юборган эканларки: «Менга келган маълумотларга қараганда, мени жуда ғийбат қилибсиз. Менинг сизга миннатдорчилигим тарзида туҳфамни қабул қилинг».

Яъни ғийбат қилган одамнинг савоб ва ажри ғийбат қилинган одамга ўтди. Ўшанинг мукофоти тарзида Ҳасан Басрий унга шундай илтифот кўрсатган эканлар.

Имом Шофеъий айтадилар: «Aгар ғийбат қилишим мумкин бўлганда эди, мен онамни ғийбат қилган бўлур эдим. Чунки менинг савобим, қилган яхши ишларим ўтиб кетишига арзирли ягона инсон бу – онам», деган эканлар.

Ижтимоий тармоқлар орқали ғийбат ва фаҳш сўзлаш муолажаси қандай бўлади?

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ривожланиб кетди. Баъзи бир роликлар ёки уламоларимиз билан суҳбат ташкил қилинади. Натижада унинг тагидан турли изоҳлар ва шарҳлар ёзилади. Шу лавҳада суҳбат қилган ёки мақола ёзган одамнинг шаънига турли гапларни ёзади. У одамнинг ўзини кўрмаган ва билмаган, у инсоннинг ички дунёсидан хабари йўқ одам қандай қилиб унинг номига нолойиқ гапларни ёзиши мумкин?

Бу эса ўша одамни олдида қилинган ҳақорат билан баробар. Бу – ғийбат. Бу – туҳмат. Унга ғийбат қилганда қандай гуноҳ бўлса, шундай гуноҳ ёзилади. Ўша ҳақоратлаган инсонни олдида шу ғийбатни қилиш билан баробар бўлади.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди

Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов

Top