23:08 / 17.06.2020
4237

Киберхавфсизлик маркази карантин пайтида интернетдаги фирибгарликлар кўпаяётганидан огоҳлантирди

Карантин шароитида интернет хизматлар ва онлайн режимда ишлаш оммалашиб бормоқда. Бу эса интернет имкониятларидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарликлар сони ошишига сабаб бўлмоқда.

Киберхавфсизлик марказидан маълум қилишларича, сўнгги вақтларда сохта онлайн-казинолар ва азарт ўйинлар воситасида интернет фойдаланувчиларининг пулларини ўзлаштириш ҳолатлари кўпаймоқда.

«Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган, интернетда осонликча катта пул ишлаш мумкинлиги ҳақидаги эълонларда фойдаланувчиларга онлайн казинолар ва бошқа турдаги азарт ўйинлар иштирокчисига айланиш таклиф этилмоқда.

Бунда фойдаланувчига сохта сайтлардаги (масалан: «https://vulcan-pllatinum.club/ip207.154.211.25») аккаунтлар тақдим этилади. Бу каби сайтлар кишининг онлайн казинода ютуқ ютиши ва ҳисобига пул маблағи ўтказиб берилиши жараёнини сохта тарзда ташкил этиш учун мўлжалланган бўлиб, пул ютиб олган фойдаланувчига гўёки ютган маблағини олиши учун «пул кўчириш комиссияси» тўлаши кераклиги айтилади. «Пул кўчириш комиссияси» учун тўланган пуллар эса фирибгарлар ҳисобига бориб тушади.

Онлайн-казино ва бошқа азарт ўйин порталларининг ҳақиқийлигини текшириш имконияти йўқлиги – бу каби қонунга зид платформалар самарали ишлаб кетишининг сабабларидан биридир.

Маълумки, онлайн-казино ва бошқа азарт ўйинлар кўплаб давлатларда тақиқланган, бундай порталларни блоклаш чоралари кўрилади. Аммо онлайн платформалари эгалари блокланишдан қочиш мақсадида доимий равишда домен номи ва серверларини ўзгартириб туради», – дейилади «Киберхавфсизлик маркази» ДУК хабарида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этганлик ҳамда ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Киберхавфсизлик маркази интернетдаги фирибгарлар тузоғига тушмаслик учун азарт ўйинларда иштирок этмаслик, шахсий ахборотлар, банк карталари рақамлари ва банк карталаридаги операциялар билан боғлиқ ҳолда юбориладиган SMS-хабарномалардаги маълумотларни бегона шахсларга бермасликни тавсия қилади.

Top