21:51 / 23.06.2020
6248

Болтон пандемия АҚШнинг биологик ҳужум олдида заифлигини кўрсатганини айтди

АҚШ ҳукуматининг коронавирус пандемиясига муносабати АҚШнинг биологик қурол ёрдамида амалга оширилиши мумкин бўлган ҳужум олдида заифлигини кўрсатди. Бундай фикрни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ ёрдамчиси Жон Болтон Axios порталига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Ундан Дональд Трампнинг иккинчи муддатга қайта сайланиши ҳолатида нималардан хавотирланаётгани ҳақида сўрашган. “Агар Трампнинг пандемияга муносабати биологик қуролга эга бўлишни режалаштираётган бирор кимсага ниманидир исботлаган бўлса ҳам, бу президент пандемияга тизимли равишда муносабат билдира олмаслигидир. Ушбу пандемиянинг манбаси қандай бўлмасин, бу биологик қуролни назорат қилувчи ёки уни қўлга киритишга интилувчи одамларга нима юз бериши бўйича йўл харитаси ҳисобланади”, деб жавоб қилган Болтон.

У, шунингдек, Трамп ноябрдаги сайловларда ғалаба қозонгудек бўлса, АҚШни НАТОда қолдириши “жуда шубҳали” эканини айтган. “Мен Германиядан 9, 10 минг ҳарбий олиб чиқилишига агар улар Польшага ёки бошқа жойга кўчирилса, қарши эмасман. Бироқ у бу ҳарбийларни уйга бунинг учун қайтармаяпти. Менинг бунга [Трампнинг Германиядаги қўшинлар сони қисқартирилишини эълон қилишига] биринчи муносабатим шу бўлдики, бу интиҳонинг бошланишидир”, деб айтган собиқ ёрдамчи. Шу муносабат билан у “Япония, Жанубий Корея, Австралия билан альянслар савол остида қолаётганини” айтган. “Агар сиз қолган дунё олисда деб ҳисобласангиз, унда бу альянслар нима учун керак?”, деб қўшимча қилган Болтон.

Бундан ташқари, Трамп сайлангудек бўлса, АҚШда суд тизимида коррупция, федерал ҳукумат ўз ваколатларини унга қарши бўлган одамларга нисбатан қўллаши, конституциявий меъёрларнинг таназзули бошланади.

Болтон, шунингдек, “Бу юз берган хона: Оқ уй хотиралари” деб номланган  китоби сотувга чиққани сабабли уни хоин деб атаган АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг сўзларига муносабат билдирди. “Ўйлашимча, Шимолий Корея, Эрон ва Афғонистон, айниқса Шимолий Корея ва Афғонистон борасида Помпео яхши маслаҳатлар беришни истамаган кўплаб ҳолатлар бўлган. Мен у ўзини бундай тутганини тушунмайман. Бироқ у буни қилган. Ва у бундан фахрланади. Бу у чиқарган хулоса”, деб айтган собиқ сиёсатчи.

Унинг таъкидлашича, у Оқ уйдаги фаолияти давомида қайд қилиб борган барча ёзувларни йўқ қилиб юборган. “Мен кўп ёзувлар қайд қилардим. Мен Оқ уйни тарк этишим олдидан берган интервьюда айтганимдек, улар Оқ уйда бўлган вақтимдаёқ йўқ қилинган”, деб таъкидлаб ўтган Болтон. Шу билан бирга, у бу ҳолда суҳбатлар ва воқеалар батафсил баён қилинган 551 саҳифалик китобни қандай ёзгани борасида гапиришни истамаган. “Мен китобни қандай ёзганим ёки шу қабилидаги нарсани тушунтириб ўтиришни истамайман”, деб таъкидлаб ўтган Болтон.

Axios нашрининг таъкидлашича, АҚШ тарихида ҳали бирорта президентнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ ёрдамчиси президент қўли остида бир йилдан ортиқроқ ишлаб, ушбу президент ҳали лавозимида қолаётган вақтда унинг фаолиятига бундай баҳо бермаган.

Top