Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган бухоролик 35 ёшли аёл ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.
Расмий хабарга кўра, Ғиждувон туманида яшовчи 35 ёшли аёл Д.Ш. 1 июль куни коронавирусга гумон қилиниб, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.
Унга «икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 3-даража, семизлик 2-даража» ташхиси қўйилган.
«Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди», – дейилади вазирлик хабарида.
Айни пайтда Ўзбекистонда расман маълум қилинган коронавирус қурбонлари сони 31 нафарни ташкил этмоқда.
Бугун COVID-19`дан вафот этган бошқа бир бемор – тошкентлик 65 ёшли эркак ҳам шифохонага 1 июль куни ётқизилгани хабар қилинганди. ССВнинг эрталабги ахборотида беморлардан 8 нафари ўта оғир аҳволда экани айтилган.
Маълумот учун, пандемия даврида Тошкентда 17, Наманганда 4, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона ва Қашқадарёда биттадан ўлим рўй берди.