16:02 / 23.07.2020
3679

Эксперт: Мигрантларни чет элда уюшган ҳолда ёллаш, ишга жойлаштириш, ўқитиш, ҳаёти ҳамда соғлиғини суғурталашни белгиловчи махсус қонунчилик мавжуд эмас

Ўзбекистонда меҳнат миграцияси ташкиллаштирилмаган, чунки мамлакатда миграция соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, мигрантларни чет элларда уюшган ҳолда ёллаш, ишга жойлаштириш, ўқитиш, ҳаёти ҳамда соғлиғини суғурталаш ва ҳоказоларни белгиловчи махсус қонунчилик мавжуд эмас. «Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази» ННТ директори Шамил Асянов «Ўзбекистонда ёшлар меҳнат миграциясини тартибга солиш истиқболлари» мавзусида ташкил этилган халқаро илмий-амалий видеоконференция чоғида шундай фикрларни билдирди. 

Бугунги кунда ХМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, халқаро муҳожирлар сони дунё бўйлаб 272 млн. кишига етган ва уларнинг учдан икки қисми меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Бу дунё аҳолисининг 3,5 фоизидир. 2019 йилда муҳожирларнинг пул ўтказмалари 689 млрд. АҚШ долларидан ошган.

Қайд этилишича, 70 млн.дан ортиқ аҳоли яшайдиган Марказий Осиё мамлакатлари учун асосий масалалардан бири бу – ёшлар миграциясидир. Миграция нуқтаи назаридан минтақанинг барча мамлакатларида умумий хусусиятлар кузатилади. Масалан, Қозоғистон иш берувчи давлат бўлса, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон асосан ишчи кучи етказиб берадиган давлатлар ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, ҳар йили 600 мингдан зиёд битирувчилар меҳнат бозорида барқарор иш ўринларини яратишни талаб қилмоқда ва уларнинг аксарияти иш қидираётганлиги ушбу соҳадаги ишлар етарли даражада олиб борилмаётганини кўрсатади.

Ушбу вазиятдаги асосий вазифалардан бири тартибли меҳнат миграциясини ташкил қилишдир. 2018 йилда Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат мигрантлари умумий сонининг 52 фоизи 16-30 ёшдаги фуқаролар бўлган.

Видеоконференцияда иш берувчи томонидан меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, меҳнат миграцияси жараёнларининг фаоллашуви ва унда ёшлар иштироки тобора ортиб бораётгани, 30 ёшгача бўлган ёшларнинг миграция жараёнидаги фаол иштироки, мамлакат иқтисодий кўрсаткичининг ўсиши, аҳоли бандлигини вақтинча таъминлашга ижобий таъсир қилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Маълум сабабларга кўра, мамлакатда ташқи меҳнат миграцияси юқори даражада сақланиб қолинмоқда. Мисол учун, Ўзбекистондаги иш ҳақи бошқа иш берувчи мамлакатлардаги иш ҳақига нисбатан паст. 2017-2018 йилларда Ўзбекистонда энг юқори ўртача иш ҳақи газ ва нефтни қайта ишлаш саноатида кузатилган (400 АҚШ доллар), соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида эса ўртача иш ҳақи паст (150-170 доллар). Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишчилар учун иш ҳақи 100 долларгача. Шундай қилиб, мигрантларнинг даромади маҳаллий аҳолининг ўртача даромадидан икки ёки уч баравар кўпдир.

Top