13:29 / 08.08.2020
17676

Ўзбекистон фуқаролари Ростов вилоятидан поезд орқали қайтарилмоқда

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Ўзбекистон фуқароларини Россия – Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлари орқали олиб келиш жараёни амалга оширилмоқда. 

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ хабарига кўра, навбатдаги йўловчи поезди ўзбекистонликларни Россиянинг Ростов вилоятидан олиб келишга Тошкентдан жўнаб кетди.

Гниловская – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан 10 август куни йўлга чиқади. Ушбу йўловчи поездида оғир касалланганлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар учун махсус жойлар ажратилган.

Мазкур рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун сотилмоқда. Йўналишдаги чипта нархи 2.079.700 сўм (14.855 рубль)ни ташкил этади. Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Қайд этилишича, ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар поездлардан тушиши биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади. Айнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинларидан уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга ташриф буюрмасликлар сўралган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top