22:15 / 31.08.2020
6514

Ҳиндистоннинг собиқ президенти Пранаб Мукержи вафот этди

Ҳиндистоннинг 13-президенти Пранаб Мукержи 84 ёшида вафот этди. Мукержининг вафот этгани ҳақида унинг ўғли Абхижит Мукержи ва амалдаги президент Рам Натх Ковинд маълум қилди. Собиқ президентнинг ўлими сабаби маълум қилинмаган, бироқ унда август бошида коронавирус аниқланган.

Пранаб Мукержи /Фото: CNN

“Юракда ғам-андуҳ билан отам Шри Пранаб Мукержи шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатлари ва барча ҳиндистонликларнинг дуоларига қарамай вафот этганини сизларга маълум қиламан. Барчангизга миннатдорлик билдираман!”, деб ёзган Мукержининг ўғли.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди собиқ президентнинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. “Ҳиндистон Пранаб Мукержининг ўлимидан қайғуда. У давлатимизни ривожлантириш йўлида ўчмас из қолдирди. Ажойиб олим, атоқли давлат арбоби, ундан барча сиёсатчилар ва аҳолининг барча қатламлари ҳайратланган”, деб ёзган Моди твиттерда.

Моди, шунингдек, 2014 йилда бош вазир лавозимини бажаришга киришганда “Мукержи уни қўллаб-қувватлагани ва оқ фотиҳа бергани учун” унинг номига миннатдорлик сўзларини билдирган. 

Ҳиндистон ОАВ хабар беришича, Мукержи даволанаётган Деҳли шифохонасида 31 август эрталаб унинг аҳволи ёмонлашгани маълум қилинган. Мукержида ўпка инфекцияси ортида септик шок юз берган. 

Мукержи шифохонага 10 августда ётқизилган, шу куни унинг миясида тромбни олиб ташлаш бўйича операция ўтказилган. Шифохонада, шунингдек, унда коронавирус борлиги аниқланган. Шифокорларнинг маълум қилишича, Мукержида сўнгги кунлар ўпка инфекцияси ва буйраклар фаолияти бузилиши ривожланган.

Пранаб Мукержи Ҳиндистон президенти лавозимини 2012-2017 йиллар давомида эгаллаган. 2012 йилги сайловларда 70 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. У 2017 йилги сайловларда иштирок этмаган. Бунгача у Ҳиндистон молия вазири, мудофаа вазири ва ташқи ишлар вазири лавозимларини эгаллаган.

Top