15:08 / 28.10.2020
72952

Метан «заправкалар» суткасига 12 соат ишламайдиган тартиб жорий қилинмоқда

1 ноябрдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги 54та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари соат 19.00дан 7.00гача белгиланган график асосида ишламайди. Ушбу тартиб аҳолини бир маромда табиий газ билан таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.

Энергетика вазири Алишер Султонов имзолаган вазирлик буйруғи билан шу йилнинг 1 ноябридан эътиборан Тошкент шаҳри аҳолиси, ижтимоий соҳа муассасалари ва стратегик объектларни бир маромда табиий газ билан таъминлаш учун пойтахт юқори босимли газ қувурларига уланган жами 54та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари график асосида, соат 19.00дан 7.00гача табиий газ таъминотидан узилади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг юқори босимли газ қувурларига уланган йирик улгyржи истеъмолчилари «саноат коллектори»га ўтказилади. Улар бу бўйича 3 кун муддатда ёзма огоҳлантирилиши маълум қилинди. Шунингдек, ғишт, оҳак ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган йирик саноат корхоналарига жорий йил 1 ноябрдан бошлаб табиий газ етказиб берилиши тўхтатилади.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, АГТКСнинг суткасига 12 соат ишлаши фақат Тошкент шаҳрида жорий этилмаган. Бундай тартиб Андижон ва Фарғона вилоятида ҳам маҳаллий ҳокимият ташаббуси билан жорий этилиши кутилмоқда.

«Бугун, 28 октябрь куни «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиалида йиғилиш бўлди. Ҳамма янги график билан таништирилди, кейин танишгани ҳақида имзо қўйдирилди», — дейди Kun.uz манбаси.

Энергетика вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, метан газ қуйиш шохобчаларининг бундай ишлаш тартиби фақат Тошкент шаҳрида жорий этилади. Бунга ҳавонинг кескин совиб кетиши ва аҳолини бир маромда табиий газ билан таъминлаш масаласи сабаб бўлган.

Вазирликнинг билдиришича, ушбу тартиб ноябрь ойи охирига қадар амал қилади. Тасдиқланган графикка асосан пойтахтдаги 54та метан газ қуйиш шохобчалари 3 гуруҳга ажратилган бўлиб, барча АГТКС бирдан суткасига 12 соат ишламаслигига йўл қўйилмайди.

«Уларнинг 18таси график бўйича биринчи кунда, кейинги кунда иккинчи гуруҳдаги 18та АГТКС суткасига 12 соат ишлайди ва шу зайлда иш ташкил этилади», — дейди вазирлик матбуот котиби.

Top