18:43 / 28.10.2020
29391

«UzAuto Motors» йўл-транспорт ҳодисасига учраган машиналар бўйича маълумот берди

МАН автоташувчисида «UzAuto Motors» автомобиллари ЙТҲга учраганди. Компания ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирди. 

Фото: Gazeta.uz

Жорий йилнинг 24 октябрь куни ЙТҲ содир бўлган пайтда МАН автоташувчисида «UzAuto Motors» автомобиллари Урганч шаҳридаги дилерлик марказига олиб кетилаётган эди. 

Компания хабарида таъкидланишича, Бухоро вилоятининг Газли шаҳри яқинидаги А-380 автомагистралида ҳаракатланаётган автоташувчининг тиркамаси «КАМАЗ» юк машинасига урилиб кетди. 

«Тергов натижаларига кўра, «КАМАЗ» автомобилининг ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолган ҳамда назоратни йўқотган, бунинг натижасида эса иккала автоулов, хусусан автоташувчи томонидан олиб кетилаётган транспорт воситалари жиддий зарар кўрди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, воқеа натижасида ҳеч кимга зарар етмаган.
Айни пайтда Бухоро вилояти Ромитан тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан мутахассислар иштирокида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, «UzAuto Motors»нинг ЙТҲ натижасида зарар кўрган автомобиллари зарар миқдорлари баҳолангач, утилизация мақсадида заводга қайтарилади.

Top