18:06 / 04.11.2020
4889

Alibaba асосчиси энг йирик IPO тўхтатилганидан сўнг 2,6 миллиард доллар йўқотди

Жек Ма бир кунда 2,6 миллиард доллар йўқотди. Бу ретейлерга тегишли корхонанинг IPO’си (IPO - акцияларнинг бирламчи оммавий таклифи) тўхтаганидан кейин Alibaba акцияларининг пасайиши фонида содир бўлди. Аввалроқ, Ма банклар иши бўйича халқаро қоидаларни танқид қилганди, расмийлар эса унга қарши чиқди.

Фото: Denis Balibouse /Reuters

Alibaba асосчиси Жек Манинг бойлиги бир кунда 2,6 миллиард долларга камайди, бундан реал вақт режимида ўзгаришларни кузатиб борувчи Forbes миллиардерлар рейтинги дарак бермоқда.

Ма рейтингда 16-ўринни эгаллаб турибди. Унинг бойлиги 63,4 миллиард долларга баҳоланди. Зиён кўрганига қарамай, у ҳали ҳам Forbes талқинига кўра Хитойнинг энг бой одами сифатида эътироф этиляпти. Ўз навбатида, Bloomberg рейтингида Ма 18-ўринда, Tencent телекоммуникация корпорацияси раҳбари Ма Хуатэн ундан икки поғона юқорида жойлашди.

Манинг бойлиги Alibaba’га тегишли Ant Group корхонасининг IPO’си тўхтатилиши фонида тушиб кетди. У Хитойда бозорнинг ярмига эга бўлган Alipay тўлов хизматига эгалик қилади. Дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ одам ушбу хизматдан фойдаланади. Шунингдек, корхона онлайн банкинг ва суғурта хизматларини тақдим этиб, кредитлар беради ҳамда активларни бошқаради. 

Ant Group ўз акцияларини Шанхай биржаси ва Ҳонконгда иккиламчи рўйхатга олишни (листинг) режалаштирган. Жойлаштириш 5 ноябрь куни амалга оширилиши керак эди. Компания 34,4 миллиард доллар жалб қилишни режалаштирганди, бу эса тарихдаги энг йирик IPO’га айланиши мумкин эди.

3 ноябрь куни Ant Group Хитой регуляторларидан IPO тўхтатилиши тўғрисида хабар олганини эълон қилди. Компания листинг ёки маълумотни ошкор қилиш талабларини бажара олмаслиги ҳақида хабардор этилган. Ant Group хабарида айтилишича, IPO регуляторлар вакиллари ҳамда Ма ва компания топ менежерлари ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг пайдо бўлган «жиддий муаммолар» сабабли тўхтатилган, деб ёзади Financial Times. 

IPO тўхтатилгани ҳақида эълон қилинганидан сўнг, Ant Group’нинг учдан бир қисмига эгалик қилувчи Alibaba акциялари эртаси куни 7,5 фоизга тушиб кетди. 

Регуляторлар 2 ноябрь куни Мани чақирган. Суҳбатнинг мазмуни ошкор этилмади, аммо FT таъкидлашича, расмийлар томонидан матбуот учун хабарномада ишлатилган хитойча yuetan сўзи одатда «койиш» деган маънони англатади. 

Расмийлар билан суҳбат Манинг молия институтлари иши бўйича халқаро қоидаларни танқид қилгани фонида бўлиб ўтди. 25 октябрда миллиардер уларда «ломбард» менталитети борлиги ва бу инновацияларни секинлаштираётганини маълум қилди. «Базель келишувлари қариялар учун клубга ўхшайди. Биз келажакни тартибга солиш йўлида кечаги усуллардан фойдалана олмаймиз», - деди Ма.

Top