15:23 / 22.01.2021
40825

«Тарбия» дарсини қайси фан ўқитувчилари ўтиши маълум қилинди

2020/21 ўқув йили 3-чоракдан бошлаб, Ўзбекистон мактабларида 1-синфдан 9-синфгача, ҳафтасига 1 соатдан «Тарбия» фани ўқитилмоқда.

Фото: Республика таълим маркази

Республика таълим маркази ахборотига кўра, янги фанни:

  • 1–4-синфларда бошланғич синф раҳбарлари;
  • 5–11-синфларда аввал «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» фанларидан дарс берган ўқитувчилар;
  • «Тарих», «Она тили ва адабиёт» ўқитувчилари ўқитади.

Kun.uz марказ матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, ҳозирда «Тарбия» фанининг 1–9-синфгача дарсликлари нашр этиб бўлинган, аммо тарқатиш билан боғлиқ баъзи муаммолар сабабли айрим мактабларга етиб бормаган бўлиши мумкин.

Дарсликнинг қардош тиллардаги ва рус тилидаги талқини ҳам чоп этилган.

10–11-синфлар учун бу дарс 2021-2022-ўқув йилидан бошланиши кўзда тутилмоқда.

Республика таълим маркази тавсиясига кўра, дарс соатларини «Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандида белгиланган кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимлаш лозим.

Эслатиб ўтамиз, «Тарбия» фани мактабларда «Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» ҳамда «Дунё динлари тарихи» фанларини бирлаштирган ҳолда жорий этилган.

Top