21:14 / 08.02.2021
23933

Жалолиддин Машарипов билан эксклюзив интервью: нега кетгани, нега қайтмагани ва идеалликка яқинлашган «Пахтакор» ҳақида

Kun.uz'нинг Дубайга ижодий сафари самарали бўлди. Бу шаҳарда футболимиз билан боғлиқ кўп воқеалар содир бўлгани боис айниқса футбол ҳақида кўп материал тайёрлашга улгурдик. Бу гал Kun.uz мухлислари учун яна бир қизиқарли суҳбат тайёрладик. Суҳбатдошимиз Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиси Жалолиддин Машарипов бўлди.

Охирги вақтларда Машарипов атрофида кўплаб миш-мишлар айланмоқда. У мавсум якунланиши билан БААга жўнаб кетди ва ҳатто ўзи Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси мукофотини қўлга киритган маросимда ҳам қатнашмади. Аввалига у Саудия Арабистонининг «Ан Наср» клубига ўтди. Жамоадаги трансфер тақиқи сабаб (бу ҳақда футболчидан суҳбат давомида билдик) БААнинг «Шабоб Ал Аҳли» жамоасига ижарага берилди.

Бу бизнинг учинчи томон сифатида билганларимиз. Хўш, Машариповнинг ўзи бу воқеалар ҳақида нима дейди? Суҳбат давомида футболчидан шу ва яна кўплаб масалалар ҳақида сўрадик.

«Трабзон»нинг таклифи қандай пайдо бўлганди?

Эсингизда бўлса, бир неча ой аввал суҳбатлашганимизда Машарипов ўзига Туркия клубидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида гапирганди. Жалолиддин ўша дамларни эслади: «Трабзон»да Шотани ҳамма билади, ундан интервью олишганда, ишлаётган чемпионатидаги яхши футболчилар ҳақида сўрашган. Шота [Арвеладзе] эса мени мақтаб, дунёнинг кучли чемпионатларида ҳам ўйнай олишимни айтган. Кейин улар мен ҳақимда маълумот тўплаб, клуб билан алоқага чиқишган, ўртада қанақадир суммалар айтилган.

Буларни ўша пайтда клубнинг ўзи гаплашган ва улар менга шахсан алоқага чиқмаган. Жаъфар ака доим сенга қизиқиш кўп дерди, лекин мен қайси клуб деб сўрамасдим. Жалол билмасин, эшитиб хаёли чалғимасин, деб менга билдиришмасди. Чунки ҳар бир таклифдан кейин мени қўйиб юборишларини сўрардим».

Қизил карточкалар...

Машариповдан ОЧЛ доирасидаги «Персеполис»га қарши ўйинда олган қизил карточкаси ҳақида сўрамасак, бўлмасди. Шунингдек, у чемпионатда ҳам бир марта четлаштириш олиб улгурди: «Чемпионлар Лигасида «Персеполис» билан ўйиндан олдин ечиниш хонасида йигитларга «Пахтакор» бу ергача 10 йилдан бери келмагани, тарих яратишимиз мумкинлиги ҳақида гапириб, мураббийнинг ишини қилдим, деса ҳам бўлади. Ўлсак ҳам шу майдонда ўлайлик дедим. Ўшанда учта жамоа ҳам ишқилиб «Пахтакор»га тушмайлик деб турганди, бизга эса ким билан тушишнинг қизиғи йўқ эди.

«Персеполис»нинг ўйинларини таҳлил қилганда, улар асосан қарши ҳужум орқали битта гол уриб кейин ҳимояга «ётиб олишини» пайқадик ва бизга майдон марказида тўп йўқотилса, майда фол ишлатиш ёки тўпни майдон ташқарисига чиқариб юбориш кераклиги айтилганди. Ўша вазиятда ҳам тўпни чиқариб юбормоқчи эдим, лекин улгурмадим, эронлик футболчи оёғини қўйишга улгурган эди. Ғалабага бўлган иштиёқ кучлилигидан бироз қизишиб кетдим десам ҳам бўлади.

Иккинчи ўйинда эса аввало дерби эди ва ўша пайтларда менга бўлаётган қизиқишлар, клуб мени қўйиб юбормаётгани сабаб хаёлим жойида бўлмаган. Асабийлашиб юрган вақтларим эди. Ўша ўйинда 80-дақиқада ҳисобни 2:2 қилдик ва орадан 10 сония ўтиб-ўтмай яна гол ўтказиб юбордик. Жаҳлим чиқиб кетганди, Кримецга «10 гол урсак, 11 та гол ўтказиб юборасизларми», деб бақирдим. Ўша вазиятда тўп менда эди ва алдаб ўтсам ҳам футболчи мени қўйиб юбормади. Кўп нарсалар йиғилиб, ўша пайтда портладим...».

Нега Европага эмас, Саудияга кетгани ҳақида

Машариповни кўпчилик Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб билади. Шу сабаб мухлислар унинг Европага кетишини кутганди. Футболчи нега Саудияга кетганини тушунтирди: «Ан Наср» Осиёнинг топ клубларидан бири. Менда кетсам ҳеч бўлмаса Осиёнинг топ клубига бораман деган фикр бор эди. «Аш Шабоб», «Ал Айн» ва бошқа клублардан ҳам таклифлар бор эди. Мен клубнинг даражасига қарадим ва «Ан Наср» билан ОЧЛни ютиш мумкин деб ўйладим. Бундан ташқари, Саудия чемпионати Осиёда энг яхшилардан бири, у ерда ҳеч қайси жамоани осонликча енгиб бўлмайди. Оддий клубларида ҳам 5-6 нафар яхши легионерлар бор. Шу сабаб «Ан Наср»ни танладим.

Менинг трансферим учун қанча тўлашган? Тахминан 1,5 миллион доллар, балки кўпроқ ҳам. Лекин аниқ 1 миллион доллардан кам эмас.

Нега «Шабоб»га ўтгани ҳақида

Футболчи клубнинг ички муаммолари сабаб БАА чемпионати вакили «Шабоб Ал Аҳли»га ўтди. Бу клубда яна бир ўзбекистонлик футболчи Азиз Ғаниев ҳам ўйнайди. Машарипов бу жамоага қандай ўтгани ҳақида гапирди: «Амирликларга келишимга «Ан Наср»даги ички муаммолар сабаб бўлди. Клубга ФИФА томонидан ўтган трансфер ойнаси вақтида янги футболчиларни «заявка» қилолмаслиги ҳақида чеклов қўйилган. Улар охирги кунгача кутиб тур, биз муаммони ҳал қиламиз, дейишди. Лекин кутолмасдим, чунки кутсам, БААдаги трансфер ойнаси ҳам ёпилиб қолиши мумкин эди. Ота-онам нима қилсанг ҳам, бу ерга қайтиб келма, келсанг яна ҳар хил гап-сўз бўлади, дейишди. Шу сабаб «Шабоб»га ижарага ўтдим. Ҳозирда ҳуқуқий жиҳатдан «Ан Наср» футболчисиман ва улар билан 3 йиллик шартномам бор. «Шабоб»га 5 ойга ижарага беришган».

Саудияга қарши ўйинда миллий жамоанинг имконияти қандай?

Жалолиддин Машарипов миллий жамоа етакчиси ва ундан ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги муҳим ўйинлар ҳақида сўрадик. Машариповнинг айтишича, Саудияни меҳмонда ютиш эплаш мумкин бўлган иш: «Саудиягача ҳам бизни иккита муҳим ўйин кутиб турибди. Биз мана шу икки ўйинда 6 очко олишимиз керак. Бизга ҳар доим озгина нарса етишмай қолади. Балки бунинг сабаби ички чемпионатимизнинг етарлича кучли эмаслигидир. Биринчи ўйинда Саудиядан ёмон ўйнамадик, охирги 5 дақиқада ҳамма нарса ўзгариб кетди. 87-дақиқада иккинчи голни уришди. Уларни мағлуб этиш уддалаб бўлмайдиган иш эмас».

Машарипов миллий жамоадаги энг яхши футболчилардан иборат жамоа тузишни хоҳламади. Бу билан мураббий ишига аралашиб қўяман, деди футболчи ҳазиллашиб. Лекин у майдонда бирга ўйнаш учун энг яхши шерикларини айтишга қаршилик қилмади. Машариповнинг айтишича, майдонда у учун идеал ҳужумчи – Элдор Шомуродов. Шунингдек, футболчи майдонда Жамшид Искандаров ва Фаррух Сайфиев билан бир-бирини жуда яхши тушуниб ўйнашини айтди.

«Мен пулга қизиқмайман»

Машарипов футболчи ва инсон сифатида ҳеч қачон пулга қизиқмаганини айтди. Футболчи биз билан суҳбатда бир вақтлар томидан чакки ўтадиган уйда яшаганини ҳам эслади: «Биз илгари қийналиб яшаганмиз, ўшанда нима бўлса ҳам ота-онамга, акамга бўлсин деганман. Икки хонали ҳовлида турардик, уни ҳовли деб ҳам бўлмасди. Агар ёмғир ёғса, томидан чакки ўтарди. Ўша вақтлар ҳали ҳам эсимда ва бу менга ҳар доим оддий инсон эканлигимни эслатиб туради».

«Соврин ютишни хоҳлайман»

Суҳбатдошимиз футболчи сифатида совринлар ютишни хоҳлашини айтди: «Футболчи сифатида шахсий ва жамоавий ютуқларим бўлишини хоҳлайман. Чемпионлар Лигасини ютмаганман ёки Жаҳон чемпиони бўлмаганман. Фаолиятимни тугатгач, соврин сифатида нима кўрсатаман, ёшлар мусобақасида энг яхши футболчи бўлганим учун олган чой қайнатадиган чойникними?», деди футболчи ҳазил билан.

Асосий мақсади ва «Пахтакор»га миннатдорчилик

Машарипов футболчи сифатида асосий мақсади ва юрагидаги сўзларини айтди: «Мен учун футболчи сифатида энг муҳими – Жаҳон Чемпионатига чиқиш, чунки ҳали бу ишни амалга оширмаганмиз. Агар ЖЧга чиқсак, халқимиз буни ғалабадек қабул қилади. Бизда ЖЧга чиқа оладиган таркиб шаклланган деб ўйлайман, шунчаки футболчиларни тўғри жойлаштириш керак.

Сўнгги сўз ўрнида «Пахтакор»даги мураббийим Шота Алверадзега раҳмат айтмоқчиман. Айнан унинг мураббийлик даврида кучли томонларимни кўрсата олдим. У менга майдонда ва ундан ташқарида ҳам жуда кўп ёрдам берди. Шунингдек, Пахтакор клуби раҳбариятига ҳам раҳмат айтмоқчиман. «Пахтакор» – менинг уйим ва доим шундай бўлиб қолади», деди футболчи.

Top