16:04 / 17.02.2021
5109

«Сардоба нафақат гидроэнергетика, барча соҳа учун сабоқ бўлди» - Тошкентда гидроэнергетика халқаро анжумани ўтказилмоқда

2021 йил 17-18 феврал кунлари Тошкент шаҳрида гидроэнергетика соҳасида сўнгги беш йилликда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган «Гидроэнергетика. Марказий Осиё ва Каспий» бешинчи халқаро анжумани ва кўргазмаси ташкил этилмоқда.

Анжуман минтақалардаги гидроэнергетика соҳасининг ривожи ва тараққий этиши, гидроэнергетик иншоотлар қурилиши, модернизацияси, муаммо ва истиқболлари бўйича ўзига хос ўзаро тажриба алмашиш, узвий ҳамкорлик ва мулоқот майдончаси бўлиб хизмат қилади.

Мазкур йирик конгрессда 150дан ортиқ компания ҳамда 20дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, Марказий Осиё ва Каспий минтақалари вакиллари – Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Эрон, Арманистон, Россия, Грузия, Туркия иштирок этмоқда. 

Анжуман гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган ишларни ривожлантириш, соҳага янги инновацион технологиялар ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилиш, олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, соҳа мутахассислари иштирокида асосий масалаларни муҳокама қилиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида ўтказиб келинади.

Конгресснинг биринчи куни Марказий Осиё ва Каспийорти мамлакатларида қурилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар, қўлланилаётган технологияларни татбиқ қилишга бағишланди. 

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқарма бош мутахассиси Азимжон Зайдуллаев жамиятнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги ўрни, гидроэнергетика соҳасидаги ишлар ҳақида фикр билдирди.

Азимжон Зайдуллаев

«Гидроэнергетика соҳаси тарихига назар солинса, гидроэлектр станциялар 20-аср 30-40-йилларидан бошлаб қурилган. Ўзбекистондаги мавжуд сув потенциали 27 ггваттни ташкил этади. Ҳозирги кунда АЖ таркибидаги станциялар қуввати 2005 мегаваттни ташкил этади, 2030 йилга бориб эса 3600 мегаваттга кўтариш режалаштирилган. Компаниянинг келажак мақсадларига кичик гидроэлектр станцияларни кўпайтириш киритилган», деди Азимжон Зайдуллаев.

Азимжон Зайдуллаев сўзларига кўра, «Ўзбекгидроэнерго»да ҳозир республика бўйича жами электр ишлаб чиқариш қувватларининг 13 фоизи ташкил қилмоқда, бу йилига 6.5 млрд киловатт/соат электр токи дегани.

«Республика бўйича жами электр ишлаб чиқариш қувватларининг 13 фоизи жамият ҳиссасига тўғри келмоқда, бу дегани йилига 6.5 млрд киловатт/соат электр токи ишлаб чиқаради. Режага асосан 2030 йилда 23 фоизга чиқариш мақсад қилинган», дея маълум қилди Азимжон Зайдуллаев.

Жамият аппарат раҳбари Суҳроб Ҳамроев жорий йилда фойдаланишга топшириладиган гидроэлектр иншоотлари ҳақида маълумот берди.

Суҳроб Ҳамроев

«2020 йилда умумий қуввати 118.3 мегаватт бўлган 6та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Бу йилига 550 млн киловатт/соат электр ишлаб чиқаришга имкон яратади. 2021 йилда 3та лойиҳа фойдаланишга топширилади. Булар - «Фарҳод» ГЕСи модернизацияси, Сурхондарёда «Зарчоб-2» ва Тошкент вилоятида «Камолот» ГЭСни қуриш.

Гидроэнергетика тизимида хавфсизлик бўйича гапирадиган бўлсак, охирги воқеа — Сардоба фожиаси нафақат гидроэнергетика, балки барча соҳалар учун сабоқ ҳисобланди. Шунинг учун ҳар битта амалга оширилаётган лойиҳамизни ишлаб чиқиш, қурилишидан олдин мониторинг қилиш ишлари халқаро консултантларни жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Айниқса, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда унинг сифатига алоҳида эътибор берилмоқда. Йирик лойиҳаларнинг ҳужжатлари халқаро консултантлар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда», дея таъкидлади Суҳроб Ҳамроев.

«Ўзбекгидроэнерго» бўлим бошлиғи Ҳасан Ҳасанов гидроэлектр станциялар давлат мулки сифатида кўрилиши, маҳаллий тадбиркорлар давлат-хусусий шериклик асосида микро ГЭСлар қурилишига ҳисса қўшиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Ҳасан Ҳасанов

«Ҳозирги кунда гидроэнергетика соҳасига инвестиция киритишга маҳаллий инвесторлар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Лекин «Энергетика тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига қарайдиган бўлсак, ягона тизимга уланган барча гидроэлектр станциялар давлат мулки деб ҳисобланиши ёзиб қўйилган. Шу жиҳатдан маҳаллий тадбиркорлар учун тўсқинлик бор. Балки, маълум улуш ҳисобига давлат-хусусий шериклик фаолияти асосида киришиши, катта ГЭСлар эмас, микро ГЕСлар учун инвестиция жалб этиб, қатнашиши мумкин», дейди « Ҳасан Ҳасанов.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top