18:06 / 03.03.2021
18431

«2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлашимиз зарур» – президент

Ўзбекистонда аҳолининг эҳтиёжини қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш талаб этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги вазифалар бўйича видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

«Ўтган 4 йилда давлат дастурлари асосида 140 минг ёки йилига ўртача 35 мингдан уй-жойлар барпо этилган бўлиб, бу олдинлари йилига қурилган ўртача уй-жойдан 4-5 баравар кўп, дегани. Лекин, бу етарли эмас.

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш керак», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид янги фармон лойиҳаси тайёрланган.

Ушбу фармонда, энг муҳими аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш ва бу борада уларнинг танлаш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Биринчидан, жорий йилда 54 минг оилаларни уй-жой билан таъминлаш зарур.

Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта ёки ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп уй-жойлар қурилади.

Шундан:

  • «Қишлоқ қурилиш инвест» ва «Шаҳар қурилиш инвест» томонидан 12 мингта;
  • янги тартиб бўйича Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26,5 мингта квартира;
  • ҳар бир вилоятда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500тадан, жами 6,5 мингта оилага кредит ажратилади.

Шунингдек, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилиши бошланган 8 мингта квартира жорий йилда фойдаланишга топширилади.

Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган 1 мингта оила, айниқса аёлларга «ижтимоий уй-жойлар» ижара асосида ажратилади.

Жами 54 минг уй-жойдан: Қорақалпоғистонда – 2 290та, Андижонда – 4 665та, Бухорода – 3 220та, Жиззахда – 1 670та, Қашқадарёда – 3 710та, Навоийда – 1 836та, Наманганда – 4 025та, Самарқандда – 4 479та, Сурхондарёда – 3 989та, Сирдарёда – 1 414та, Тошкент вилоятида – 4 046та, Фарғонада – 4 530та, Хоразмда – 3 016та ва Тошкент шаҳрида – 7 556та уй-жой топширилади.

Top