14:40 / 20.04.2021
7301

Транспорт вазирига парламент сўрови юборилди

Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги индекси»да Ўзбекистон 160та давлат орасида 99-ўринда бўлиб, бу кўрсаткич мамлакат экспорт салоҳиятини оширишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қонунчилик палатаси бу масала бўйича транспорт вазирига сўров юборди.

Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мамлакатда транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилганда, соҳада эришилаётган ютуқлар қаторида айрим муаммолар ҳам борлигини кўрсатган.

Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги индекси»да Ўзбекистон 160та давлат орасида 99-ўринда бўлиб, ушбу кўрсаткич мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ушбу масала устида тўхталиб ўтди. Таъкидланишича, мамлакатда транспорт тузилмаларининг катта қисми монопол корхоналар бўлган темир йўл ва ҳаво компаниялари ҳиссасига тўғри келиб, улардаги хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги ва нархларнинг баландлиги экспорт салоҳиятининг оширилишига салбий таъсир қилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида юк ва йўловчи ташишнинг асосий қисми автотранспорт орқали амалга оширилиб, автотранспорт йўлларининг сифатсизлиги ҳамда халқаро стандартларга жавоб бермаслиги халқаро ташувчиларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишига салбий таъсир ўтказмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга «Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида»ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, айни пайтда бу сўров қабул қилиб олинган ва ўрганиш ишлари бошланган. Батафсил маълумот белгиланган муддатда тақдим этилади.

Top