01:13 / 20.05.2021
9092

Bloomberg АҚШ «Шимолий оқим-2» операторига қарши санкциялар киритишдан воз кечганини маълум қилди

АҚШ президенти Жо Байден «Шимолий оқим-2» газ қувури оператори Nord Stream 2 AG ва унинг бошқарувчи директори Матиас Варнигга қарши санкциялар киритишдан воз кечди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.

19 май куни АҚШ давлат департаменти вакили Конгресс олдидаги чиқишида Nord Stream 2 AG АҚШ қонунчилигига кўра санкциялар билан жазоланиши керак бўлган фаолиятга жалб қилинганини маълум қилган. Бироқ агентликнинг таъкидлашича, Байден маъмурияти миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан бу санкциялардан воз кечишга қарор қилган.

Хабарда Конгресс ҳисоботида «Шимолий оқим-2»га қарши санкциялар бўйича бошқа таклифлар бор ёки йўқлиги айтилмаган.

19 май куни Axios нашри иккита манбага таяниб, Байден маъмурияти Nord Stream 2 AG ва Варнигга қарши санкциялар киритишни бекор қилишини маълум қилган.

Манбаларнинг таъкидлашича, Оқ уй маъмурияти 95 фоизга якунланган лойиҳани тўхтатишнинг ягона йўли Германиядаги истеъмолчиларга қарши санкциялар киритиш экани ҳақидаги қарорга қелган. Бироқ Байден маъмурияти «Шимолий оқим-2» туфайли Германия билан ўзаро муносабатларга путур етказмоқчи эмас.

АҚШнинг амалдаги қонунларига мувофиқ, Оқ уй маъмурияти 2021 йил майида Конгрессга «Шимолий оқим-2»га қарши кўрилган чоралар бўйича навбатдаги ҳисоботни тақдим қилиши керак. Бу ҳисоботлар Конгрессга ҳар 3 ойда юборилиши белгилаб қўйилган.

«Шимолий оқим-2» газ қувури лойиҳаси Россиядан Болтиқ денгизи орқали Германияга иккита газ қувури ўтказилишини кўзда тутади. Ушбу лойиҳага АҚШ, Украина ва Европанинг бир қатор давлатлари қарши чиқмоқда. Вашингтон 2019 йил декабрда лойиҳага қарши санкциялар киритган.

Top