10:47 / 27.05.2021
5998

Шофирконлик 94 ёшли отахонга 9 майда бир марталик мукофот пули нега берилмаганлиги маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Султонобод маҳалласида яшовчи 94 ёшли Жаббор бобо Мардоновга 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида пул мукофоти топширилгани, бироқ ушбу маблағ қайтариб олиб кетилгани ҳақидаги хабар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz Шофиркон туманида бўлиб, ҳолатни яқиндан ўрганди.

Президентнинг 2021 йил 20 апрелдаги тегишли фармонига кўра,  иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 12 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилиши назарда тутилган эди. Маълум бўлишича, Жаббор бобо Мардонов фронт орти меҳнат фахрийси бўлганлиги боис унга бир марталик ушбу пул мукофоти берилмаган. 

Маълум бўлишича, вилоятдаги фрон орти меҳнат фахрийларига байрам муносабати билан вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг ташаккурномаси ҳамда май ойи пенсия пуллари топширилган. Жумладан, 2021 йил 7 май куни Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Шофиркон туман бўлими ҳамда Халқ банки масъул ходимлари Жаббор бобо Мардонов хонадонига келиб, байрам билан табриклашган ҳамда ҳокимнинг ташаккурномасини топширишган. Бобо пенсия пулини 5 май куни олганлиги сабабли, унга фақатгина ташаккурноманинг ўзи берилган. 

«Биз 8 нафар ўғилмиз. Отамнинг бирор нарсага эҳтиёжи йўқ. Отам кундуз кунлари кўчага чиқиб, ўтган-кетган билан гаплашиб ўтиради. Бирор киши байрамда сизга пул мукофоти беришдими, дея сўраган бўлса, отам буни нотўғри тушунган бўлишлари мумкин. Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида ишловчи набираси Алишер уйга келганида, отам ушбу ҳолатни унга айтган. Алишер эса тушунмасдан ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган», — дея таъкидлайди Жаббор бобо ўғли Исроил Мардонов.

Исроил Мардонов

Бобога мукофот пули берилиб, қайтариб олингани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетгач, ҳолатга вилоят ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Унда таъкидланишича, ҳозирда Бухоро вилоятида 19 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 658 нафар фронт орти меҳнат фахрийси бўлиб, байрам арафасида уларнинг ҳолидан хабар олинган. Вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган ўрганишлардан сўнг Жаббор бобо Мардоновга оила аъзоларининг талабига кўра жорий йил 7 июлдан Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун Бухоро санаторийсига даволаниш учун йўлланма ажратилиши таъминланган.

Беҳзод Адизов,
Kun.uz мухбири.

Top