16:51 / 05.06.2021
9467

Бразилия терма жамоаси мамлакатда Америка Кубоги мусобақаси ўтказилишига қарши чиқди

Бразилия термаси ўйинчилари мамлакат футбол конфедерацияси президенти Рожерио Кабокло билан учрашувда ўз норозиликларини маълум қилган. 

Бразилия терма жамоаси футболчилари ва бош мураббийи мамлакатда Америка Кубоги мусобақаси ўтказилишига қарши чиқди.

Терма жамоа ўйинчилари Эквадор билан жаҳон чемпионати саралаш учрашуви ўтказилганидан сўнг бу борада ўз норозиликларини билдирди. Ўйиндан кейин ярим ҳимоячи Каземиро терма жамоанинг барча аъзолари ва бош мураббий Тите Америка Кубогида қатнашишни истамаётганини айтди.

«Бразилияда Америка Кубоги ўтказилишига нисбатан фикримизни ҳамма билади. Бундан аниғи бўлмайди. Парагвай билан ўйиндан кейин ўз қарашимизни янада аниқроқ айтмоқчимиз»,— деди у.

AS порталининг ёзишича, Бразилия термаси ўйинчилари мамлакат футбол конфедерацияси президенти Рожерио Кабокло билан учрашувда ўз норозиликларини маълум қилган. 

Америка Кубоги мусобақаси 13 июндан 10 июлгача ўтказилиши режалаштирилган.

Дастлаб мусобақа Колумбия ва Аргентинада ўтказилиши кўзда тутилганди. Аммо май ойида оммавий норозиликлар сабабли Колумбия мусобақани ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди, кейинроқ эса коронавирус тарқалиши авж олгани боис мусобақа Аргентинада ҳам ўтказилмайдиган бўлди ва Бразилияга кўчирилди.

Top