18:15 / 07.07.2021
11302

Америка Кубоги. Финалда Месси Неймарга қарши ўйнайдиган бўлди

Якшанбага ўтар кечаси Америка Кубоги финалида қитъанинг энг кучли икки жамоаси - Бразилия ва Аргентина тўқнашади.

Америка Кубоги. 1/2 финал
Аргентина — Колумбия — 1:1
(1:0). Пенальти — 3:2
Голлар: Л.Х.Мартинес, 7 (1:0). Диас, 61 (1:1).
Пенальтилар серияси: Куадрадо — 0:1. Месси — 1:1. Санчес — 1:1 (дарвозабон). де Пауль — 1:1 (хато). Мина — 1:1 (дарвозабон). Паредес — 2:1. Борха — 2:2. Л.Х.Мартинес — 3:2. Кардона — 3:2 (дарвозабон).
Аргентина: Э.Мартинес, Отаменди, Тальяфико, Пеццела, Молина (Монтиэль, 46), де Пауль, Ло Сельсо (Паредес, 56), Родригес, Месси, Л.Х.Мартинес, Гонсалес (Ди Мария, 67).
Колумбия: Оспина, Мина, Санчес, Тесильо (Фабра, 46), Муньос, Куадрадо, Куэльяр (Кардона, 46), Барриос, Сапата (Борха, 60), Борре (Чара, 46), Диас.
Огоҳлантиришлар: Ло Сельсо, 21. Куадрадо, 45. Фабра, 55. Борха, 63. Монтиэль, 72. Муньос, 75. Кардона, 86. Родригес, 87. Барриос, 88. Пеццела, 90.
Ҳакам: Валенсуэла (Венесуэла).
7 июль. Бразилиа. Миллий стадиони.

«Ҳамиша айтиб келаман, индивидуал совринлар иккинчи даражада, биз бу ерга бунинг учун келмаганмиз», — дея қайд этди яримфинал ўйини арафасида Месси. Лео ниҳоят терма жамоа билан нимадир ютишга қатъий бел боғлаган, қолаверса, бу сафарги Америка Кубоги — унинг орзусини амалга ошириш учун сўнгги имкон. Афтидан, у «Барселона»да нималар бўлаётганига эътибор ҳам бермаяпти, каталонияликлар ўтган мавсумни маошлар ведомостидаги муаммо билан якунлаган ва энди янги харид қилинган футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун харажатларни 200 миллион еврога қисқартириш зарурати юзага келган. У билан шартнома янгиланиши учун кўк-анорранглилар Пьянични текинга қўйиб юборишлари ва ҳатто Гризманни сотишга тўғри келиши мумкин. Луис Суарес билан бўлган воқеадан кейин бундай қарорлар янада ғалати кўриниши табиий. Айниқса, АПЛда ёмон мавсум ўтказган ва ҳозирда терма жамоада ҳам захирада қолиб кетаётган Агуэро олиб келинган ҳолатда.

Лионель Скалони тажрибали форвардга гуруҳ ўйинларида ва плей-оффнинг илк ўйинида имкон берди, аммо барибир Лаутаро Мартинес номзодида тўхталди. «Интер» форварди Мората услубида вазиятларни йўққа чиқара бошлагач, асосий таркибдан чиқиб қолаётганди. Аммо босқичма-босқич аввалги ҳолатига қайтди ва қаторасига учинчи ўйинда гол урди, чоракфиналда бўлгани каби унга голли узатмани яна Месси берди. У жарима майдонида туриб Ло Сельсонинг узатмасини қабул қилди ва бир финт билан Минани машғулот манекенига айлантириб, тўпни  дарвоза қаршисида зарба беришга тайёр турган Лаутарога ташлаб берди.

Бу Леонинг ушбу турнирдаги бешинчи голли узатмаси бўлди, бир турнир доирасида ҳали ҳеч ким бундай натижа қайд этишга эришмаганди. Аргентиналик футболчи шу қадар яхши ўйнамоқдаки, совринлар ва рекордлар унга ёпишиб қолмоқда. У турнир бошидан буён тўрт ўйинда энг яхши футболчи сифатида тақдирланди, икки бор жарима зарбасидан гол урди — бу билан ҳам тарихга кирди. Энди Мессида жаримадан урилган голлар сони 58та, бир турнир давомида ўзининг абадий рақиби Криштиану Ронадуга етиб олиб, ўтиб ҳам кетди.

Қолаверса, у яна бир аниқ зарба билан футбол қироли Пеленинг Копа Америкада гол уриш бўйича рекордини такрорлади - у ҳозирча 77 гол билан биринчи бўлиб турибди.

Биргина Мессининг ўзи яхши ўйнаши натижани кафолатлай олмасди, бу Колумбия икки ойгина аввал, Аргентинага қарши ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги ўйинда 0:2 ҳисобини дурангга айлантира олганди. Ўшанда ўйин иккинчи бўлимда майдонга Барриос чиққач ўзгариб кетганди, ҳозирда Рейнальдо Руэда жамоасини ушбу яримҳимоячисиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Бу ўйинда ҳам у ҳужумларда фаол бўлди, вазиятлардан бирида унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегди.

Танаффусга қадар икки томонда ҳам бир хилда имкониятлар бўлди. Бурчак зарбасидан кейин Месси олтинчи голли пас муаллифи бўлишига Оспинанинг ақл бовар қилмас реакцияси йўл қўймади, у жароҳат олишдан чўчимасдан Николас Гонсалеснинг қайтариб бўлмас зарбасини қайтариб қолди. Колумбияликларда ҳам яна бир ҳужум Минанинг хавфли зарбаси билан якунланди, аммо тўп дарвоза тўсинига тегди.

Иккинчи бўлимнинг биринчи қисмида колумбияликлар барибир кутилган голни уришди. Луис Диас тажрибали ҳимоячи Пецелла таъқиби остида бўлишига қарамасдан ўткир бурчакдан аниқ зарба бериб ҳисобни тенглаштирди - у ҳимоячининг елка билан туртишидан кейин йиқилатуриб зарба беришга улгурди. «Порту» яримҳимоячиси оддий голлар урмаяпти. Гуруҳ босқичида у Бразилия дарвозасини «қайчи» услубида ишғол этганди, энди эса — бошқа бир фаворитга ноодатий гол урди.

Бу ўйинда ҳам захирадан майдонга тушган Ди Мария яна ишончли ўйин кўрсатди ва ҳимоячиларнинг хатосидан кейин тўпга эга чиқиб, Оспинани ҳам ортда қолдириб, Мартинесни жуда қулай вазиятга чиқарди. Аммо гол бўлиши муқаррар ҳолатда Барриос тўпни дарвоза чизиғи олдида тўхтатди. Бир неча дақиқа ўтиб Мессининг зарбасидан колумбияликларни дарвоза устуни қутқарди. Арбитр ва ВАР эса Санчес Отамендининг футболкасидан тортган вазият учун пенальти қўйишга асос топмади.

Барчаси пенальтилар сериясида ҳал этилди, серияни терма жамоада шу куни 100-ўйинини ўтказган Куадрадо аниқ зарба билан бошлаб берди, Месси ҳам адашмади. Кейин эса Эмилиано Мартинеснинг дақиқалари бошланди. Ўйин вақтида у яқин бурчакдан гол ўтказиб юборганди, пенальтилар сериясида эса уч зарбани тўсди.

Орзудаги финал бўладиган бўлди. Аргентина Бразилияга, Месси Неймарга қарши — бу ақлбовар қилмас ўйин бўлади.

3-ўрин учун ўйин. 10 июль. Колумбия — Перу (5.00)
Финал. 11 июль. Аргентина — Бразилия (5.00)

Top