22:45 / 19.07.2021
6555

Лукашенко Литвага маблағ эвазига муҳожирлар масаласини ҳал этишни таклиф қилди

Беларусь Литвага ноқонуний миграцияга қарши курашда кўмак кўрсатиши мумкин, бироқ буни бошқа бепул амалга оширмайди. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко Sky News Arabia телеканалига интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: AP

“Агар сизга кўмак керак бўлса, биз уни кўрсатамиз, бироқ энди бепул эмас”, деб айтган Лукашенко.

Беларусь президентининг таъкидлашича, Литвада чегарадан ноқонуний муҳожирларни олиб ўтувчи жиноий гуруҳлар ҳаракат қилади, бироқ мамлакат раҳбарияти буни кўрмасликка олади. Унинг айтишича, Беларусни муҳожирлар билан боғлиқ инқирозда айблаш ушбу ҳақиқатни яширишга уриниш ҳисобланади.

Лукашенконинг таъкидлашича, ғарб давлатлари Беларусга қарши санкциялар киритиб, “мамлакатни бўғмоқда” ва шу сабабли Минскдан бундай шароитларда ҳимоя талаб қилиш ғалатидир.

Беларусь раҳбари чегарани назорат қилиш, жумладан ноқонуний миграция, гиёҳванд моддалар ва қурол ташишнинг олдини олиш қиммат туришини айтган. “Агар сизга бунда ёрдам беришимизни истасангиз, унда бўйнимизга сиртмоқ солманг”, деб ўз сўзларини якунлаган Лукашенко.

Аввалроқ Европа Иттифоқининг ички ишлар бўйича еврокомиссари Илва Йоханссон Беларусдан Литвага ўтаётган ноқонуний муҳожирлар сони 2020 йилга нисбатан 22 марта ошгани ва 1,6 минг нафарга етганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Беларусь Европага муҳожирлар оқимини бошқа тўхтатмаяпти ва аксинча, унга кўмак кўрсатмоқда.

Литва ҳукумати охирги ярим йил ичида Беларусь чегараси орқали ўтишга ҳаракат қилаётган ноқонуний муҳожирлар сони ошаётганини қайд қилмоқда. Шу сабабли мамлакат раҳбарияти фавқулодда ҳолат режимини эълон қилган ва чегаранинг муаммоли қисмида 30 кмлик девор қуришга қарор қилган.

Европа Иттифоқининг чегараларни муҳофазалаш агентлиги Frontex маълумотларига кўра, Литва чегарасини жорий йилнинг илк ярим йиллигида асосан Эрон, Ироқ, Суриянинг курд аҳолиси, июлда эса Сенегал, Конго, Гамбия, Гвинея ва Малидан муҳожирлар кесиб ўтишга ҳаракат қилган.

Июл бошида Лукашенко беларуслик чегарачилар етарлича куч ва маблағ йўқлиги сабабли ноқонуний миграцияни бошқа ушлаб турмаслигини айтган.

Top