20:35 / 22.07.2021
43765

LG микрофон ва карнайли ҳимоя ниқобини ишлаб чиқди

LG компанияси микрофон ва карнайли ҳимоя ниқоби PuriCare Wearable’ни ишлаб чиқди.

Фото: LG Electronics

Ниқобнинг серияли ишлаб чиқарилувчи вариантида LG Dual вентиляторларини ҳаракатга келтирувчи электромотор ўрнатилади. Вентиляторлар ишлаши унумдорлиги фойдаланувчининг нафас олиши жадаллигига боғлиқ бўлади.

Ниқоб юзга зич ёпишиб туради, ундаги VoiceON технологияси эвазига суҳбат вақтида овозни баландлатишга ҳожат бўлмайди. Тизим фойдаланувчи суҳбатлашишни бошлаганини автоматик равишда аниқлаб, микрофон ва карнайлар ёрдамида унинг овозини атрофдагилар эшитадиган даражада кучайтиради.   

Ниқобнинг оғирлиги 94 граммни ташкил қилиб, қайта қувватланишсиз 8 соатгача ишлашни таъминловчи 1000 мА·соатлик аккумулятор билан жиҳозланади. Ниқоб батареяси тўлиқ қувватланиши 2 соат вақт олади. LG PuriCare Wearable биринчи бўлиб августда Таиландда, кейин эса қолган давлатларда тегишли сертификатлашдан ўтгандан сўнг сотувга чиқарилади.

Top