09:44 / 28.07.2021
1620

Чироқчида электр таъминотидаги узилишлар сабабли тарвуз етиштираётган деҳқонлар зарар кўрган

Ижтимоий тармоқларда Чироқчи тумани «Талоқтепа» МФЙ ҳудудида бир гуруҳ полиз маҳсулоти етиштирувчи деҳқонларнинг электр энергияси етишмовчилиги оқибатида зарар кўраётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати хабар бўйича муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Чироқчи туманида тарвуз етиштирувчи деҳқонлар электр энергияси таъминотидаги узилишлар сабабли зарар қилгани ҳақидаги хабар мутахассислар томонидан ўрганилган. Жумладан, Чироқчи тумани электр тармоқлари корхонаси бошлиғининг ўринбосари Б.Махаммадиев, ЮЖШДШХК муҳандиси Ф.Бадриддинов, ИИ ва МКЧ техниги Д.Қиличев масалани жойига чиқиб ўрганган.

Уларнинг хулосасига кўра, дарҳақиқат Чироқчи тумани «Талоқтепа» МФЙ ҳудудида деҳқонларнинг мурожаатида кўрсатиб ўтилган камчиликлар бўлган. Кунлар исиб кетганда туман аҳолисининг аксар қисми ўз томорқаларида экинларни суғориш учун кўп миқдорда сув насосларидан фойдаланиши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж ошиб кетган.

Истеъмол миқдори белгиланган қувватдан ошиб кетиши ҳудудни электр энергияси билан таъминлаб турган нимстанциялардаги трансформаторларнинг зўриқиш билан ишлашига олиб келган. Оқибатда айрим ҳудудларда электр энергияси таъминотида муаммолар юзага келган.

«Вазиятни юмшатиш учун ҳозирги кунда Чироқчи туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда», - дейилади «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати муносабатида.

Top