15:51 / 30.07.2021
70349

"БелАЗ" ягона эмас: Дунёдаги энг катта автомобиллар

Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиққа ташрифи давомида “БелАЗ” автомобили кабинасига чиқди ва ҳайдовчи билан суҳбат қилди. Шундан сўнг бу турдаги самосвалларнинг қудратига тан берганлар, ўзимизда ҳам шундай баҳайбат машиналар ишлатилаётганидан ҳайратга тушганлар кўпайиб кетди.

Собиқ иттифоқ ҳудудида ягона бўлган “БелАЗ” бу сегментда ўз ўрнини нафақат сақлаб қолгани, балки ривожлантира олгани таҳсинга сазовор. Чунки ишлаб чиқарувчилар сонига бармоқлар етарли бўлса-да, жаҳонда бу соҳада рақобат жуда кучли. Зеро бу машиналарни олиб ишлата билувчи харидорлар ҳам саноқли.

Асосан АҚШ ва Япония етакчилик қилиб келган бу соҳага сўнгги йилларда Хитой ҳам фаол кириб келмоқда.

Агар енгил автомобиллар асосан ташқи кўриниши, қулайлиги ва тежамкорлиги каби жиҳатларига қараб баҳоланса, баҳайбат самосвалларни танлашда асосан юк кўтара олиш, чидамлилик ва зарур жойга уларни етказиб келиш каби томонларига қаралади. Чунки бу автомобиллар биз билган йўлларда юра олмайди, уларни кўтарувчи кранлар ҳам жуда кам, умуман, тоғлардаги конларга етказиб келиш анча харажатни талаб қилади.

Савол туғилади – нега шунча қиммат битта махсус автомобилда юк ташигунча ўнлаб кичик юк ташувчилардан фойдаланиш мумкин эмас? Ахир ёнилғи сарфи, эҳтиёт қисмлар, автомобиль нархи каби омиллар барибир катта фарқ қилмайди-ку? Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига қадар ҳам тоғ-кон саноатида асосан нари борса 20-30 тонна юк ташувчи автомобиллар хизмат қилган. Аммо кейинчалик саноат ҳажми кескин оша бошлаган, қазиб олувчи техника йириклаша бошлаши оқибатида ташувчи техникага ҳам эҳтиёж кўпая борган.

Конлар чуқурлашган, улардаги йўлларда қатнов чекланган, кичик автомобиллар тиғиз қатнов тугул умуман юра олмай қолишган. Энг муҳими – бир тонна юкни ташиб олиш самарадорлиги ва харажати бўйича баҳайбат автомобиллар ягона восита эканлиги илмий жиҳатдан исботини топади. Фақат улар байрамлар, дам олиш кунларига қарамай узлуксиз ишлатишга ҳам чидаган, ҳам бунча пулга олингандан кейин тиндирилмаган.

Катта самосваллар рейтингига қаралса, нима учун фақат энг кўп юк ташувчи етакчилар ривожланиб кетиб, бошқалар ўйиндан чиқмаган, деган савол ҳам туғилиши табиий. Гап шундаки, кўп юк таший билиш муҳим бўлса-да, бир жиҳат холос. Кончилар ўз қазилма бойликлари турига (масалан, кимгадир катта ҳажмда, лекин енгил бўлган кўмир, кимгадир кичик ҳажмда, лекин жуда оғир харсанг ташиш муҳим), масофага, олдинги техника парки ва доимий шартномалар каби жиҳатларга кўра харид қиладилар. Қолаверса, баҳайбат техникалар хариди шу қадар жиддий масалаки, бунинг учун давлатлараро алоқалар ҳам жуда муҳим.

Бугунги кунда катта автомобиллар орасида етакчилар қуйидагилар:

Hitachi EH50000AC-3

Юк ташиш қуввати 326 тонна. 2012 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган бу автомобилнинг узунлиги 15,51 метр, эни 8,6 м, баландлиги эса 7,41 метр. 16-цилиндрли дизель моторга эга бу “япон” ўз тезлигини 90 км/соатгача чиқара олади. 

Caterpillar 795F AC

Caterpillar АҚШ саноатининг фахри, брендлар орасида жуда таниқли. Caterpillar 795F Ac’нинг юк ташиш қуввати 345 тонна. Юк билан бирга массаси 628 тонна бўлган бу автомобилнинг узунлиги 15,15 метр, эни 8,97 м, баландлиги эса 7,04 м. Шунингдек, жаҳон бозорида Caterpillar 797F модели ҳам сотилади. Бу модел 400 тоннагача юк олиш билан бирга умумий оғирлигини 687,5 тоннагача ошира олади. 2009 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган бу самосвал шунча ҳайбатига қарамай 110 км/соат тезликни забт этиши мумкин. 

Terex MT 5500 AC

360 тонна юкни олиб, ўз тезлигини 100 км/соатгача чиқара оладиган бу “миттивой”нинг юк максимал оғирлиги 598 тоннани ташкил қилади. Ўлчамлари ҳам ҳайбатли – 14,87х9,05х7,67 метр. 16 цилиндрли дизель мотор 3000 от кучига эга бу автомобилнинг ўзига хос жиҳати электромотори ҳам борлигидир.

Komatsu 960E-1К

Умуман Komatsu бу соҳада дунёга довруқ таратган брендлардан бири. Юк ташиш қуввати 360, умумий массаси 635 тонна. 18-цилиндрли V-симон моторга эга бу “япон” ўз тезлигини 100 км/соатгача чиқариши мумкин.

XCMG DE400

Хитойнинг бу автомобили ўзига хос жиҳати кенглигидир. У роппа-роса 10 метрга тенг. Узунлиги 16, баландлиги 7,6 метр бўлган бу автомобиль тезлиги билан мақтана олмайди – 50 км/соат. Лекин ишининг ўзига хослигига кўра кичик тезлик катта камчилик эмас. 2012 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган бу самосвал 363 тонна юкни ташиш ва ағдаришга мослашган.

БелАЗ 75601

Президент Шавкат Мирзиёев кабинасига чиққан самосвал модели шу моделнинг олдинги модификацияларидан бири. Умумий массаси 672 тоннага етадиган бу самосвал 396 тонна юк таший олади. Ўлчамлари 14,9х9,28х7,22 метр. Айнан чуқур ва йирик карьерлардан улкан тошларни ташиб чиқишга мўлжалланган.

Liebherr Т284

Немис йирик саноатининг рамзи, бу соҳада етакчилардан бири. Максимал оғирлиги 661 тоннага етиш билан бирга 400 тонна юк таший олади. Ўлчамлари ҳам ҳайбатли 15,59х7,42х8,3 метр. 20-цилиндрли, 3750 от кучига эга дизель моторли бу “немис” ўз тезлигини 100 км/соатгача чиқара олади. 

БелАЗ-75710.

Рекордчилар рекордчиси. 2013 йилдан бошлаб ишлаб чиқариш йўлга қўйилган ва ҳужжатига кўра 450 тоннагача юк ташишга мўлжалланган. Аммо 2014 йилдаёқ синов полигонида 503,5 тонна юк ташиб, абсолют рекорд ўрнатган. Кузов ҳажми 157,5 м/кубни ташкил қилади. Максимал тезлиги 64 км/соат. Юқорида айтилганидек, бу соҳада тезликнинг пастлигига жиддий қаралмайди.

Ўртача баҳоси 12 млн доллар!

Юқорида аксарият моделларнинг нархи ёзилмаган. Бунинг аниқ сабаби бор – чунки махсус техника умумий бозорга чиқариладиган маҳсулот эмас. Ҳар бир маҳсулот баҳоси харидор айнан нимани хоҳлашига, техника қаерга етказилишига, унга келгусида хизмат кўрсатиш шартлари ва эҳтиёт қисмлар комплектацияси каби омилларга қараб ҳисоблаб чиқилади. Қолаверса, бу борадаги шартномалар одатда битта автомобиль учун тузилмайди.

Лекин умумий баҳони чиқариш мумкин – юқоридаги рўйхатдаги битта автомобилни сотиб олмоқчи бўлганлар ўртача 10 млн доллар атрофида маблағ эгаси бўлишлари лозим.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top