15:12 / 03.08.2021
32132

Бу сафар қизил «Малибу». ЙПХ ходими «юқоридан телефон» туфайли қоидабузар аёлни қўйиб юборди

«Юқоридан берилган» буйруқ туфайли яна бир ЙПХ ходими қоидабузар ҳайдовчини қўйиб юборди.

«Тошкент» телеканалида эфирга узатилган «Пойтахт йўлларида» кўрсатувида яна бир марта ЙПХ ходимига «юқори»дан телефон бўлган ҳолат намойиш этилди. Видеода ЙПХ ходими қизил рангдаги Malibu-2 автомобилини ҳайдовчи ҳаракат вақтида телефондан фойдалангани учун тўхтатган. Инспектор ҳайдовчига ҳолат бўйича маъмурий баённома тузилишини билдиради. Ҳайдовчи эса қоида бузмаганини, ҳозиргача 25 марта радар учун жарима тўлаганини айтиб, баённома тузилишига эътироз билдиради.

Орадан бир муддат ўтиб, ҳайдовчи аёл телефонни ЙПХ ходимига тутқазади. ЙПХ ходими ҳайдовчидан телефонда гаплашмоқчи бўлган одам кимлигини сўрайди. Ҳайдовчи уни «Абдурасул ака» деб таништиради. ЙПХ ходими «лаббай, хўжайин» деб бошлаган суҳбати давомида ўзини Бахтиёр Абдужалилов деб таништиради. Телефонда сирли суҳбатдош билан гаплашиш жараёнида ЙПХ ходимининг шашти пасаяди ва ҳайдовчи аёлдан боласи касал эканини нега эртароқ айтмаганини сўрайди. Телефон бўлишидан олдин жарима расмийлаштирмоқчи бўлган ЙПХ ходими якунда ҳайдовчига огоҳлантириш бериш билан чекланади.

Аввалроқ, Олмалиқда ҳам ЙПХ ходими «юқоридан келган» буйруқ билан қоидабузар ҳайдовчини қўйиб юборишга мажбур бўлганди. 
Кейинроқ, воқеа 28 июл куни Олмалиқ шаҳрида бўлгани, ЙПХ ходими «Ўзбектемирйўлмаштаъмир» унитар корхонасига тегишли бўлган автомобилни ҳайдовчи ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмагани учун тўхтатгани маълум бўлди. Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 125-моддаси 1-қисмга (хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан баённома расмийлаштирилгани, қоидабузарни қўйиб юборишни буюрган командирга чора кўрилганини маълум қилганди.

Top