Портлашга маҳсулотнинг сифатсизлиги ёки ток кучланиши ўзгариши сабаб бўлган деб тахмин қилинмоқда.
Ҳиндистонда 28 ёшли эркак телефонда суҳбатлашаётган вақтида Bluetooth-қулоқчин портлаши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Воқеа Ражастон штатида содир бўлди, деб ёзади ixbt.com.
Хабар қилинишича, қулоқчин Ракеш Кумар Нагарнинг қулоқлари ичида портлаган. У шифохонага олиб борилган, шифокорлар унинг ўлимини қайд этган.
Маълумот берилишича, у қулоқчиндан фойдаланаётган вақтда смартфони қувват олаётган бўлган. Портлашга маҳсулотнинг сифатсизлиги ёки ток кучланишининг ўзгариши сабаб бўлган деб тахмин қилинмоқда.
Қулоқчин қайси брендга тегишли экани маълум қилинмаган, аммо у маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулоти экани айтилмоқда.