20:27 / 18.08.2021
46058

Хитой фазода қуёш энергиясини йиғиб, уни Ерга жўнатиш устида иш олиб бормоқда

Хитой ҳукумати фазодан қуёш энергиясини олиш дастурини ривожлантиришда катта илгарилашга эришганини маълум қилди. Ушбу дастурдан мақсад кунбўйи қуёш энергиясини йиғиб, уларни тўлқинларга айлантирувчи ва сўнгра Ердаги қабул қилувчи қурилмаларга жўнатувчи орбитал электр станциялар яратиш ҳисобланади.

Хитойда таъкидланишича, 2021 йил охирида ушбу даастур доирасида энергияни узоқ масофаларга тўлқин кўринишида узатиш бўйича синовлар бошланади.

South China Morning Post нашрининг хабар беришича, синовлар Чунцин шаҳрида ўтади. Лойиҳа устида иш олиб бораётган олимлар энергияни 300 метрга узатишга муваффақ бўлишган. Кейинги босқичда улар Ердан 20 км баландликда қуёш энергиясини йиғувчи учиш қурилмасидан энергияни узатишга ҳаракат қилиб кўришади. Бундаги мураккабликлардан бири узатишда йўқотишлардан қочиш ҳамда кучли нур билан Ерга зиён етказмаслик учун энергия кучли фокуслаштирилган тутам кўринишида ва аниқ узатилиши керак.

Лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, орбитал қуёш электр станциялари энергияни 36 минг км узоқликка жўната олади. 1 МВт қувватга эга илк электр станция орбитада 2030 йилда пайдо бўлиши кутилмоқда. 2049 йилгача эса ушбу станция ёки яна бошқа бир нечта станция қуввати 1 ГВтгача етказилади.

Top