00:32 / 20.08.2021
21516

Конференциялар лигаси. Шомуродовнинг расмий дебютида киритган голи «Рома»га ғалаба келтирди

Конференциялар лигаси плей-офф саралаш босқичи биринчи ўйини доирасида Римнинг «Рома» клуби Туркияда «Трабзонспор» меҳмони бўлди.

Ушбу баҳсда Рим клуби сафида ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов дастлабки расмий ўйинини ўтказди. Жозе Моуриньо уни асосий таркибда майдонга туширди. Учрашувнинг 55-дақиқасида Пеллегрини ҳисобни очган бўлса, 64-дақиқада Корнелиус мувозанатни тиклади – 1:1.

81-дақиқага келиб Элдор Шомуродов бурчак зарбасидан кейин дарвоза тўсинига тегиб қайтган тўпни «Трабзонспор» дарвозасига киритиб, илк расмий ўйинида ҳам гол уриб жамоасига ғалаба келтирди – 1:2. Жавоб баҳси бир ҳафтадан кейин Римда ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов бунгача иккита ўртоқлик ўйинида «Рома» сафида 2 баҳсда 2та гол ва 2та ассистга муаллифлик қилганди.

19 август (пайшанба)
Конференциялар лигаси. Плей-офф.
Трабзонспор (Туркия) – Рома (Италия) - 1:2

Голлар: Пеллегрини (55, 0:1), Корнелиус (64, 1:1), Элдор Шомуродов (81, 1:2).
Трабзонспор – Кейбаши, Витор Уго, Бруно Перес, Иэ, Чақир, Гамшик, Оздемир, Жервиньо, Бакасетас, Нвакаэме, Жанини.
Рома – Руй Патрисиу, Карсдорп, Манчини, Винья, Рожер, Мхитарян, Верету, Кристанте, Пеллегрини, Дзаньоло, Элдор Шомуродов (Майорал, 82).

Top