17:00 / 28.10.2021
11440

Ер қаъри гўзалликларидан сўзловчи маскан — Геология музейи янги бинода иш бошлайди

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Музейлар инсоният томонидан яратилган моддий маданият намуналарини ўзида жамлаб келади ва келажак авлодлар учун ўтмиш ва маданият ҳақида етарлича тасaввур беради. Лекин шундай соҳа музейлари ҳам борки, улар табиат инъом этган гўзалликларни ўзида жамлайди. Шундай маданий муассасалардан бири Тошкент шаҳрида жойлашган Геология музейидир.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Музей тарихи ва фаолиятининг асосий мақсади

Ўзбекистон давлат Геология музейи 1926 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда 12 та кўргазма залларига эга. Кўргазма залларида Ернинг геологик ўзгариш босқичлари, геологик даврлар изи қолдиқлари, қадимги тоғ-кон саноат қазилмалари, қадимги жонзотлар, динозаврлар қолдиқлари, уларнинг тош қотган қадам излари, тошларда абадийликка муҳрланиб қолган бошқа жонзотлар ва асосийси, Ўзбекистоннинг геологик бойлиги ва турфа хиллигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Таъкидлаш жоизки, табиий ахборот ташувчилар ҳисобланган музей экспонатлари геологик жисмларнинг тузилиши ва таркиби тўғрисидаги энг асосий ва ягона маълумот бўлиб хизмат қилади.

Музейда мамлакатнинг геологик хилма-хиллигидан сўзловчи 50 мингдан ортиқ ҳайратланарли, чиройли ва қимматбаҳо намуналар сақланади.

Бу ердаги минераллар коллекцияси қазилма ишлари натижасида йиғилган, бу минералларда деярли Менделеев жадвалининг барча элементлари мавжуд. Минераллар халқ саноати ишлаб чиқарилишининг турли хил йўналишлари бўйича йўлга қўйилган. Булардан металлургия, кимёвий саноат, керамика, медицина, оптика, заргарлик ишлари ва яна бир неча йўналишларда ишлатилади.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Музей учун янги бино — геологиянинг янги даври

Геология музейининг кўргазма залларидаги экспонатлар бизнинг геологик нуқтайи назардан жаҳон миқёсида танилганимизни кўрсатади, қолаверса, миллий ғуруримиз, фанимиз, миллий урф-одатимиз, иқтисодимиз, сиёсатимиз ривожланишида катта аҳамиятга эга.

Замонавий ахборот технологиялари асрида Геология музейи олдида геологик объектларда мужассам илмий ахборотни имкон қадар энг юқори даражада тақдим этиш ва ёритиб бериш масаласи турибди.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Улар барчаси бирламчи табиий (тошдаги) ва иккиламчи (қоғоз, расм, электрон, видео ва бошқалар) геологик фондларига, маълумотлар банкига таянган ҳолда олинажак илмий билим ва эксперт даражасида баҳолашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, музей табиий ахборот ташувчилар геологик жисмларнинг тузилиши ва таркиби тўғрисидаги энг асосий ва ягона маълумот бўлиб хизмат қилади.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Президентимизнинг “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” махсус қарори эълон қилинди. Қарор билан Геология фанлари университети ташкил этилиши ва унинг таркибида музей ҳам киритилган янги замонавий бино қурилиши белгиланди. Бу эса ушбу соҳа музейи учун янги даврни бошлаб берса ажаб эмас.

Бугунги кунда университет кампуси ва таркибида музей учун алоҳида 5 қаватли бино қурилиши тугалланиб фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Музей ходимлари олдида эса улкан вазифа: экспонатларни асраб-авайлаб, бир донасига ҳам зарар етказмасдан янги бинога кўчириб ўтказиш вазифаси турибди. Бу улкан вазифанинг оғирлиги шундан иборатки, 50 мингдан ортиқ экспонатлар орасида бир неча миллион йиллар аввал яшаган жонзотларнинг тош қотган қолдиқлари алоҳида махсус шароитларда сақлаб келинади ва уларни янги жойга кўчириб ўтказиш музейнинг профессионал ходимларидан янада эҳтиёткорлик ва диққат талаб қилади.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Музей янги биносида бугунги замонавий музейлар талабларига жавоб берадиган барча имкониятлар яратилиши режа қилинган. Унда дунё музейларида қўлланаётган, жаҳон стандартларига мос келадиган илғор технологиялардан фойдаланилади. Музейга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўтмишни ва ер қаъри тузилишини кўз олдиларида жонлантиришлари мумкин.

Туркия ва Корея геология хизмати экспертлари хулосалари асосида концепция ишлаб чиқилган замонавий муҳташам музей биноси эски бинодан 3-4 баробар катта ҳамда экспонат заллари ҳам кўпайган ва замонавий кўриниш олган.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Музей заллари қуйидаги бўлимлардан иборат

  • Геологияга кириш зали
  • Қадимги тоғ кон саноати зали
  • “Китоб давлат қўриқхонаси” зали
  • Умуртқалилар зали
  • Асосий зал. Ўзбекистон геологик ривожланиш тарихи зали
  • Фойдали қазилмалар зали
  • Петрография зали
  • “Минтақавий геология” зали. Регионал зал
  • Монография зали
  • Экспедиция зали
Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Геология музейи нафақат фаннинг далили сифатида, балки давлат Геология ва минерал ресурслар қўмитаси ходимлари учун билим олиш ва малака ошириш даргоҳи сифатида қадрли. Бу ерда республиканинг барча геологик билим юртларидан: олий ўқув юртлари, коллеж ва мактаблардан асосий билим базасини ўрганиб кетишади ҳамда минералогия, петрография, палеонтология ва бошқа геологик йўналишларда маърузалар ўтказилади.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати
Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати Ⓣ

Top