16:07 / 22.11.2021
34888

«Менга «ҳурматли» дея мурожаат қилманглар» — Зойир Мирзаевнинг илк «ҳокимлик соати»дан иқтибослар

Зойир Мирзаев илк «ҳокимлик соати»да бошқарув сиёсатида белгилаб олинган энг устувор вазифаларни айтди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

22 ноябр куни Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаев раислигида видеоселектор тарзида илк «ҳокимлик соати» ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Йиғилишда вилоят раҳбари Зойир Мирзаев бошқарув сиёсатида белгилаб олинган энг устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Қуйида ҳокимлик соатидаги асосий иқтибослар:

– Фуқаролар билан қабулни кўчма тартибда олиб борамиз. Унда ҳамма сектор раҳбарлари қатнашади. Соат 14:00 да бўладиган қабулга соат 8:00 да ўша мурожаатчининг сектор раҳбари, тегишли ташкилот мутасаддиси уйига бориб, масаласини жойида ўрганиб чиқади.

– Қандай тоифадаги раҳбар бўлишидан қатъи назар, билиб олсин, фаолиятимизнинг асосий мезони «Инсон қадри учун» тамойили асосида бўлади. Буни керак бўлса, столнинг устига ёзиб қўйинг. Яна шуни ҳам ёзиб қўйингларки, ишимизда «майда-чуйда масаланинг ўзи йўқ».

– Ҳафтада бир марта, душанба куни бажарилган ишлар таҳлили, муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилади.

– Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қиладиган телеграм-бот ташкил қиламиз. Керак бўлса, ўша фуқаро билан телефонда ўзим гаплашаман.

– Ҳокимиятдан ҳар бир чиқаётган қоғоз ҳокимиятнинг юзи. Давлат тили бўйича ҳокимият ҳужжатларини хато ёзадиган ходим ҳокимиятда ишлаши мумкин эмас.

– Ошкоралик, шаффофлик кўпчиликка ёқмайди, лекин ҳар қандай чиққан негативга сектор раҳбари муносабат бериши шарт. Ижтимоий тармоққа киришни билмасангиз, ўрганинг, раҳбар замондан орқада қолиши мумкинмас.

– Олдиндан келишиб олайлик, менга «ҳурматли» дея мурожаат қилманглар.

– Нимага айрим ҳокимлар блогер, журналистлар учун ёпиқ?! Пресс-тур ўтказиб, журналистлар ёнида юриб, бажарилаётган ишларни кўрсатинглар. Ёмонини ҳам кўрсатайлик, ёмони ҳам ўзимизники.

– Дарахт экаверамиз, лекин унинг кўкариб чиқиши-чи?

– Вилоятимиз туман-шаҳарларидаги таҳририятларни қўллаб-қувватлашга тайёрман. Газеталар бизга керак. Ҳудудий таҳририятлардаги журналистлар тажрибасини қадрланглар, қўллаб-қувватланглар. Бу бўйича мутасаддилардан аниқ таклифлар кутамиз.

Top